Фонд имени Ислама Каримова

Фрагмент романа «Олов тутган одам»

Лукмон Бурихон

Произведение описывает период работы Ислама Каримова первым секретарем обкома партии Кашкадарьинской области вплоть до назначения его первым секретарем ЦК компартии УзССР. В романе повествуется о судьбоносных как для будущего Первого Президента Узбекистана, так и для всей страны событиях, которые разворачивались в Кашкадарье в то непростое время. Отправленный в «ссылку» в один из самых отсталых в экономическом и социальном плане регионов, Ислам Каримов смог не только вывести Кашкадарьинскую область на лидирующие позиции в республике, но и, вернувшись в столицу, возглавить страну и добиться долгожданной независимости для Узбекистана.

V

Туйқус устма-уст жиринглаган телефон Анастасовни чўчитиб юборди.

– Алло, эшитаман, – деди у юрак ютиб ўзини таништираркан.

Нариги тарафдан жарангдор тиниқ товуш таралди.

– Сиз билан КПСС Бош котиби…

Анастасовнинг тиззалари қалтираб, аъзои баданини совуқ тер қоплади. Гўшакни маҳкам сиқимлаган кўйи дағ-дағ титрарди.

– Алло, Анастасов?

– Эшитаман, ўртоқ Бош котиб!

– Фарғонада нима гаплар?!

Александр Петрович овози қалтираб, узуқ-юлуқ ахборот берди.

– Нега бу кундан-кунга кучаймоқда? Буни қандай тушуниш мумкин? Кимлар оловга ёғ қуяяпти?! Нега жимсан?

– Ҳурматли Бош котиб… – Александр Петрович тағин узуқ-юлуқ гап бошлади.

– Менга қара, Анастасов, – дея унинг гапини кескин бўлди Бош котиб, – сен бизнинг ўша ердаги вакилимиз бўлатуриб, бундай тўс-тўполонга қандай йўл қўйиб ўтирибсан?! Наҳотки, вазиятни англаб етолмаяпсан. Ахир, бу давлат илдизига болта уриш-ку?! Менга қара, Анастасов…

– Эшитаман, ўртоқ Бош котиб…

– Анови оқсоқолни дарҳол у ердан йўқот. Ўрнига халқни орасидан эргаштира оладиган, мана бу тўс-тўполонни бостира оладиган одам керак. Нима дейсан, борми шунақа кадрлардан?

– Ҳурматли Бош котиб…

– Бу ердаги ўртоқлар Ислом Каримов номзодига тўхталишяпти. У заковатли, халқни орқасидан эргаштира оладиган раҳбар, дейишяпти.

– Ҳурматли Бош котиб…

– Хуллас, Анастасов, гапни қисқа қил, дарҳол Ислом Каримов билан Москвага учиб келинглар. Тезроқ оловни ўчиришимиз керак.

Алоқа узилдию Анастасов жойига шилқ этиб тушди.

“Москвадагилар ақлдан озибди, – деб ўйлади у изтироб билан, – ахир, Каримов ёлғиз ўзининг ақл-заковати билан улуғ давлатимиз учун минг-миллион жангарилардан хавфлироқ-ку?! Наҳотки, шуни тушунишмаса?! Тўғри, бутун Ўзбекистон халқини ортидан эргаштира олади. Лекин эргаштириб қаёққа олиб боради, деган савол туғилмайдими?! Каримов Ўзбекистонни мустақилликка бошлаб боради! Буни бошқа билмаса ҳам, мана, мен биламан! Ахир, бу қайсар раҳбар билан уч йилдан бери курашаман! Лекин, очиқ гап, бундай довюрак одамни ҳали ҳеч қачон учратмаганман”.

Анастасов гандираклаган кўйи ўрнидан турди. Аллакимларгадир қўнғироқ қилмоқчи бўлди-ю, тағин беҳафсала қўл силтади.

“Лекин қойилман, Ислом Абдуғаниевич, – дея хаёлан хитоб қилди у беихтиёр бошларини сараклатиб, – сиз мени енгдингиз. Метиндай матонатингиз, ўткир заковатингиз билан ғолиб келдингиз. Йўқ, мен эмас, биз мағлуб бўлдик….”

Александр Петрович баланд курсисига беҳол суяниб қолди.

VI

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон Республикасига раҳбар этиб тайинлангани ҳақидаги хабар Қашқадарёга тез тарқалди. Кимдир телевизордан кўриб, кимдир радиодан тинглаган, тағин биров газетадан ўқиб билган. Маҳаллаю гузарларда ҳам дув-дув гап. Ишхонаю чойхоналарда шунинг гурунги.

Ана, Косон бозорининг кунда-шундалари, савдони ҳам унутиб, давра қуриб олишган.

– Энди нима қиламиз? – дейди кимдир ошкора ташвишланиб, –вилоятнинг янги раҳбари у кишининг ўрнини босармикан? Ислом аканинг ишларини давом эттира олармикан?

– Ишқилиб бошимизни силайдиган одам бўлсин-да, – дея ташвишга шерик бўлади яна бир қария.

Кўзларидан ўт чақнаб турган ёш бир йигит гапга аралашди.

– Ислом ака энди бутун Ўзбекистонни гуллатади!

– Рост, – дея йигитни қўллаб-қувватлади бозорга кириб қолган бир зиёлинамо киши, – кеча Тошкентда ўтказган Пленумини телевизорда кўрмадиларингизми? Ислом Каримов шундай дадил гапларни гапирдики, унча-мунча текинхўр амалдорлар писиб қолишди. Халқнинг дилидаги дардни айтди. Мен адолатсизлик билан ҳеч қачон муроса қилмайман, деди. Ўзиям кинодан қизиқарли мажлис бўлди.

– Яна қайтариб кўрсатмасмикан-а? – деди биринчи гап бошлаган киши.

– Билмадим. Балки, кўрсатар.

Ташвишманд қария суҳбатдошларга бир-бир жонсарак кўз ташлади.

– У киши энди вилоятимизга келмайдими? Бир кўришиб раҳмат айтиб қўйсам дегандим. Кетганларини ҳам билмай қолибмиз.

– Республика танг аҳволга тушиб қолгани учун Ислом Каримовни дарҳол чақириб олишди, – деди ўша зиёли киши тўлқинланиб, – бу инсоннинг кучини, қобилиятини ҳатто Москвадагилар ҳам тан олишган. Кўрдиларингизми, Фарғонадаги жанжални қандай тез тинчитди? Ҳа, айтганча, Ислом ака эртанми, индинми, яна Қаршига келиб кетадилар. Эски иш жойи билан хайрлашиш дегандай…

– Ишқилиб, халқнинг бахтига у киши ҳамиша соғ-саломат бўлсин! – деди қария эмраниб.

Бошқалар ҳам уни баб-баравар қўллаб-қувватлашди:

– Айтганингиз келсин!

*     *     *

Толиб Носиров бугун эрталабдан бери бесаранжом: Тошкентдан Ислом Абдуғаниевич учиб келяпти! У киши билан кўришиб бўлармикан?! Ё секин аэропортга чиқса-чи, сал кўзга ташланадиган жойга турса-чи? Йўқ, яхшиси, шу ерда кутиб турган маъқул.

Толиб шундай жонсарак хаёллар оғушида гоҳ у, гоҳ бу юмушга чопқиллаб юраркан экан, лоп этиб ёдига Шоймардон тушиб қолди.

Нега кўринмаяпти у? Ислом Абдуғаниевичнинг келишидан хабардор эди-ку! “Эрталаб идора ёнида бўламан” деганди-ку қўнғироқлашганда. Шундай тиғиз пайт қаерларда ҳовлиқиб юрибдийкан? Эртароқ келиб бир маслаҳатлашмайдими мундоқ?!

Шу пайт марказий кўчадан идора томон улкан юк машинаси вазмин бурилиб, тисиллаганича тўхтади. Ҳайдовчига алланима дедию кабинадан Шоймардон сакраб тушди. Муҳим бир вазифани қойиллатиб қўйгандай лаб-лунжи мамнуниятдан ёйилиб кетган.

Толиб дўстини кўрдию ҳангу манг қотиб қолди. “Тағин нима балони бошлаб юрибди бу Шоймардон шошқалоқ?!”

– Ҳа, Носирип, нега менга анграйиб қолдингиз? – деди Шаймардон яқин келиб, манглай терларини артаркан.

– Юк машина бошлаб келибсизми, нега?

– Нега бўларди, Ислом аканинг кўч-кўронини юклаймиз-да, – деди Шаймардон хушхандон илжайиб, – қўрқманг, сизни безовта қилмайман, ҳозир пединститутдан беш-олти талаба келади, тайинлаб қўйибман.

Толиб теваракка бир аланг-жаланг қилдию жон ҳолатда шивирлади.

– Тезроқ йўқотинг бу машинани, Аллаев! Ислом ака эшитса, икковимиздан ҳам хафа бўлади.

– Нега?!

– Эй шошқалоқ жинни! У кишининг юк машинага лойиқ нарсаси борми, ахир?! Бор-йўқ мулки беш-олти боғлам китоб, бир тугун кийим-бош-ку, ахир! Нари борса “Волга”нинг багажига жой бўлади улар. Тезроқ йўқотинг анови баҳайбат машинани.

Шоймардон ҳам эндигина ақли киргандай дўнг пешонасига шапатилади.

– Эҳ, бу калланинг ишламаганига қаранг-а… мундоғ ўйлаб ҳам кўрмабман-а! Хўп, ҳозир хатони тўғирлаймиз.

Аллаев ҳовлиққан кўйи яна юк машинаси томон лўкиллаб кетди. Толиб мийиғида кулганича бош чайқаб қўйди.

*     *     *

Уч йил! Балки у мангулик, боқийлик олдида ҳеч гап эмасдир, балки у абадиятнинг энг кичик заррачасини ҳам ташкил қилмас, бироқ инсон астойдил истаса худди шу арзимас фурсат ичида мангуликка дахлдор, абадиятга татигулик неларнидир амалга ошириши мумкин экан. Алҳол, мангулик, абадият ўз-ўзича ҳеч қандай маъно-мазмунга, жозиба ёхуд маза-матрага эга эмас, шунчаки, бетиним айланиб ётган чархи дун, холос. Олий хилқат саналмиш инсон ақл-заковати, тафаккури шарофатидан яратилган шаҳару кентлар, муҳташам обидалар, асару битиклар боқийликка маъно-моҳият, ҳусну жозиба, улуғворлик, маҳобат бағишлайди. Йиллару асрлар, даврлар оша авлодлар кетидан авлодлар бундай бунёдкорлик мўъжизаларидан ҳайрату ҳаяжонга чулғанар экан, мангуликнинг мангулигига мангулик қўшилади.

Ислом Абдуғаниевич Каримов шундай хаёллар оғушида самолёт салонида ўтираркан, юрагига енгил бир ғусса, маҳзунлик сизиб кираётганини пайқаб қолди. Ахир, осон гапми, не бир жўшқин кечинмаларига, гоҳ қувончли, гоҳ ташвишли кунларига гувоҳ бўлган вилоятни бугун тарк этди. Ўзига нари-бериси уч йил ҳамдард, ҳамнафас бўлган жамоа билан хайрлашди.

Ислом Абдуғаниевич алланечук ўртаниб, бир нуқтага тикилиб қолди. Кўнгли ҳануз маҳзун ҳисларга чулғанган эди.

Уч йил! Унинг шунча умри Қашқадарёда кечди. Йўқ, бу гап унчалик тўғри эмас. Уч йил у Қашқадарёда яшади. Ҳа, яшади! Нақадар гўзал сўз-а, “яшади”! “Яшнади”, “яшнатди” деган сўзларга ажабтовур уйғун. Бу бежиз эмас, яшамоқ моҳиятан яшнамоқ, яшнатмоқ демакдир.

Уч йил! Бу вақт ичида у ҳаёт билан чинакамига юзлашди. Гоҳ у билан қўл бериб хушхандон кўришди, гоҳ бел олишиб жўмардларча курашди. Қизиқ, бу кураш уни толиқтирмади, тинкасини қуритмади. Аксинча заковатига, тафаккурига ажабтовур туртки берди. Тириклик, Мангулик ҳақида, Инсон ва унинг умри маъноси ҳақида тонг шудринги каби тиниқ, покиза фикрлар, туйғулар пайдо қилди. Бу кечинмаларни бир-икки оғиз сўз билан ифодалаш қийин. Бу фикрлар, бу туйғулар биллур доналари янглиғ қоғозга тўкилсам, дейди. Ҳар бир сатридан, ҳар бир саҳифасидан ҳарорат, жозиба уфуриб турган фалсафий, ижтимоий-сиёсий мазмундаги мўъжаз бир асар бўлсам, дейди.

Қизиқ, енг шимариб ижодга киришса, кўнгли кўзгусида жонланиб турган ўша асарини ярата олармикан?! Шундай масъулиятли, нозикдан-нозик юмушни эплай олармикан?! Нафсиламрини айтганда, баъзи бир бобларнинг қораламалари тайёр, аҳён-аҳён тунлари ёлғиз қолганида ёзув дафтарига тушириб қўйибди. Лекин бу ҳали етарли эмас.

Ислом Абдуғаниевич ўриндиқ тирсагига таяниб, кафтига ияк тираб ўтираркан, бутун вужудига алланечук ҳаяжон, ҳадик югурди. Ўзини кўп ўйлантирган муаммолар, масалалар ечими, фикрлар хаёлида чарх уриб ўтдию ажиб илҳом завқидан қорачиғлари ёлқинланиб, бармоқларига хуш бир титроқ инди.

Йўқ! Иккиланишга, журъатсизликка ҳеч бир ўрин йўқ! Неча йиллардан бери кўнглида ёмбидай ярақлаган фикрлар, туйғулар албатта қоғозга тўкилиши лозим. Ахир бу кечинмалар, энг аввало, юрт учун, чигал муаммолар гирдобида қолган, чор атрофдан жонсарак нажот излаётган жафокаш халқ учун хизмат қилиши лозим. Ахир, замон, давр ғоят тез ўзгаряпти. Бугунги тамойиллар, бугунги тушунчалар эртага тўғри келмай қоляпти. Дунё лангарини йўқотган кемадай чайқалиб турибди. Чайқалаётган дунёни фақат фикр қутқара олади! Ҳа, нажот фақат фикрдан!

Мана, бундан буён, у – Ўзбекистон раҳбари. Ўзбекистон жаҳон иқтисодий-сиёсий ҳаётида нақадар аҳамиятли эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Демакки, дунёда кечаётган эврилишлар, гоҳ қувончли, гоҳ ташвишли воқеалар унга таъсир этмасдан қолмайди. Бу жафокаш юртни XXI аср бўсағасида нелар кутиб турибди? Уни истиқболга элтувчи йўллар равонми, порлоқми? Кескин эврилишлар, дунёвий чайқалишлар пайти ўткир муаммоларга қандай, нечоғлик ёндашув мақсадга мувофиқ? Халқаро таҳдид, экологик хатарлар билан қандай курашмоқ лозим бўлади? Йўқ! Бу саволлар моҳиятига кўра, ўта мураккаб, ўта чигал ҳисобланса-да, лекин уларга ечим бор! Уларни ақл-заковат билан бартараф этиш йўллари мавжуд!

Худди шу масалаларни у албатта режасидаги асарида батафсил ёритади!

“Албатта, албатта, ўз асаримни ёзаман. Менинг ҳали халқимга, элимга айтар гапларим кўп”, – дея хаёлан хитоб қилди Ислом Каримов.

Шу пайт сертабассум стюардесса салонга юзланди.

– Биз Тошкент шаҳри устидамиз!

Ислом Абдуғаниевич Каримов секин иллюминатордан ташқарига кўз ташлади. Чарақлаган қуёш худди улар билан бирга ерга қўнаётгандек эди.

Биринчи китоб тамом.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.