Ислом Каримов Фонди

Фонд ҳақида

Ислом Каримов жамоатчилик хайрия фондига Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида асос солинган. Фонд 2016 йил октябрда Биринчи Президент хотирасини ва унинг ҳаётий принципларини абадийлаштириш мақсадида Татьяна Каримова ва Лола Каримова-Тилляева томонидан таъсис этилган.

Ислом Каримовнинг мамлакатдаги ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, чуқур билим ва юксак маънавият соҳиби бўлган ёшларни тарбиялашдек хайрли ишларини давом эттириш ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш ва мамлакатимиз ҳамда хорижда кенг тарғиб этиш Фонднинг асосий мақсадлари сирасига киради. “Ислом Каримов номидаги фонд кўплаб юртдошларимизга салоҳиятини рўёбга чиқаришда кўмакчи бўлиши, мамлакатимизнинг жўшқин маданий ҳаётини янада жонлантириши ва тарихий меросимизни асраб-авайлашга ҳисса қўшишига ишонаман. Мен меҳрибон Аллоҳдан отамнинг охиратларини обод қилишини ва бошлаган хайрли ишларимизда бизга мададкор бўлишини сўрайман”, – деган эди Лола Каримова-Тилляева Фонд очилиши муносабати билан қилган мурожаатида.

Юртимиз ва хориждаги пешқадам университетларда таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар ажратиш, шу орқали таълим дастурларини қўллаб-қувватлаш, юртимиз ва хорижда илмий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, илмий ишланмалар учун грантлар тақдим этиш, шунингдек, кўмакка муҳтож ёш иқтидорларга кўмаклашиш Фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

Ўзбекистонда таълим, маданият ва илм-фанни янада тараққий эттириш  мақсадида Фонд олий ўқув юртлари ва мактаблар ўқитувчи-мураббийлари малакасини ошириш дастурларини амалга татбиқ этади, шунингдек, илмий тадқиқотлар учун грантлар ажратади.

Фонд маданий-маърифий ва илмий китобларни чоп этиш, шунингдек, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёт вакиллари асарларини хорижий тилларга ўгириш ва нашр қилиш учун грантлар тақдим этади. Бу билан Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш ва кенг тарғиб этишга кўмаклашади. Фонд ноширлик фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб, миллий анъаналар, маданият, адабиёт ва умуман Ўзбекистон халқи қўлга киритган ютуқларга бағишланган асарларни чоп этишга ёрдам беради.

Жамоатчиликка Биринчи Президент шахсиятини янада кенг танитиш мақсадида Ислом Каримов асарларини чоп эттиради, шунингдек, улуғ давлат арбоби маънавий меросига бағишланган асарлар (китоб, мақола, кино ва видеомаҳсулотлар) учун грантлар ажратади. Бундан ташқари, Фонд ўзбек халқининг бетакрор маданий мероси – авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳунармандликни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш дастурини амалга татбиқ этади. Ўзбекистон замонавий тасвирий санъати мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уларни ривожлантириш Фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидандир. Бу борада санъат усталарининг энг яхши асарларини жамлаш, юртимиз ва хорижда атоқли ва ёш ўзбек ижодкорлари кўргазмаларини ташкил этиш ҳамда бошқа маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Ислом Каримов номидаги фонд “Сен ёлғиз эмассан” хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда ота-она ғамхўрлигидан маҳрум, имконияти чекланган болалар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун бир қатор дастурларни амалга оширади.

Fikr bildirish yopilgan.