Ислом Каримов Фонди

Икат

«Икат» услубидаги кўҳна тўқувчилик ҳунари авлоддан авлодга мўътабар омонат ўлароқ ўтиб келаётган бебаҳо маданий бойлик саналади. Бетакрор ва беназир ипакчилик мактаби асрлар давомида нашъу намо топди.

Ўзбекистонда «икат» газламалар «абрбанди» (абр – булут дегани) дея сифатланиши бежиз эмас – наққошлар матога зеб беришда, таъбир жоиз бўлса, нақ парқу булутлардан улги олган. Сирасини айтганда, Шарқда ҳар бир касбу ҳунар санъат даражасига етказилган ва замонлар ўтиши билан янги авлод тафаккури ҳамда тахайюлига уйғун тарзда такомиллашиб-бойиб борган.

Абрбанди услубидаги безак, тимсол ва нақшу нигорлар моҳир мусаввир асари каби мафтункор. Қолаверса, уларда ўзбек заминида умргузаронлик қилаётган ҳунарпеша халқнинг оламни, одамни англаш билан боғлиқ кўҳна тасаввурлари мужассамдир.

Ўзбек ҳунармандлари Шарқ уйғонишидан бугунги давргача фавқулодда кўркамлик ва мукаммаллик, юксак дид ва маданият ила дунёни лол этиб келмоқда. Анъанавий миллий санъат дея эътироф этилган ушбу кўҳна ҳунар турфа тамаддун ва халқларнинг тарихий-маданий қадриятларини уйғунлаштирган ҳолда, Ипак йўли бўйлаб замон ва маконлар оша «саёҳати»ни давом эттираётир.

Миллий ҳунармандлар ўзбек халқининг чинакам маданий бойлиги – ипакчилик усуллари ва анъаналарини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётгани таҳсинга сазовор.