Ислом Каримов Фонди

«Сока Гаккай» ташкилоти вакиллари делегацияси билан учрашув

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди вакиллари Япониянинг «Сока Гаккай» ташкилоти вакилларидан иборат делегация билан учрашувда иштирок этдилар.

Мазкур ташкилот қарамоғида университет, умумтаълим мактаблари, музейлар, нашриётлар, концерт ва драматик уюшмалар, илмий муассасалар фаолият юритади.

«Сока Гаккай» вице-президенти Кэндзи Йосиго Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентини илиқ сўзлар билан эслаб, “бизнинг фахрий докторимиз Ислом Абдуғаниевич” Ўзбекистонда истиқлол йилларида ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашнинг янги тизимини яратиш ва ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита раҳбарлик қилганини таъкидлади. Бу мамлакатнинг бугунги ва эртанги кунининг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётган ёшларнинг тафаккурини ва дунёқарашини тубдан ўзгартирди.

Маълумки, иқтисодиёт, фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун И.А. Каримов хорижий давлатлар қатор университетларининг академиги ва фахрий доктори, жумладан, 2002 йилда Сока университетининг фахрий доктори этиб сайланган.

«Ислом Абдуғаниевич ҳамиша Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият бериб, давлат сифатида оёққа туришимизда давлатингиз Ўзбекистонга катта кўмак кўрсатганлигини ҳар доим таъкидлар ҳамда Япония раҳбарияти билан шахсий дўстона муносабатларни жуда қадрлар эди», – деди Ислом Каримов номидаги Фонди Васийлик Кенгаши аъзоси Татьяна Каримова ўз сўзида.

Япония делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гуллар қўйди ва унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.