Ислом Каримов Фонди

2021 йил 25 январь куни мустақил Ўзбекистон асосчиси, Биринчи Президент Ислом Каримов таваллудининг 83 йиллигини нишонлаш ҳафталиги бошланди. Байрам дастури доирасида, Ўзбекистон давлат амалий санъат музейида Ислом Каримов хотирасига бағишланган кўргазма очилди. Кўргазмада Биринчи Президентнинг 20 га яқин портрети намойиш этилмоқда. Асарлар ёғоч ўймакорлиги, маркетри (ёғоч мозаика тури), гравюра, гиламдўзлик, зардўзлик ва каштадўзлик каби ижодий усулларда ишланган.

“Бу ерда шунчаки санъат намуналари эмас, балки Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат ва муҳаббат билан йўғрилган ноёб ижодий асарлар жамланган. Ислом Абдуғаниевич миллий санъат ҳамда маданиятни муҳофаза этиш ва янада ривожлантиришда ҳунармандчиликни қадрлаш катта аҳамиятга эга эканини теран англаган”, – дейди Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова.
Дарҳақиқат, Ислом Абдуғаниевич ҳунармандчилик ва амалий санъатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Унинг ташаббуси билан қабул қилинган фармон ва қарорлар бутун мамлакат бўйлаб миллий ҳунармандчиликни тиклашга туртки берди.

Кўргазма 2021 йил 7 февралгача давом этади.