Ислом Каримов Фонди

Бобур Исмоилов – «Ўтган кунлар» романи иллюстрациялари муаллифи

Ислом Каримов номидаги Фонд Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда машҳур “Ўтган кунлар” романининг инглиз ва француз тилларига таржимасини ҳозирламоқда. Абдулла Қодирий салкам 100 йил аввал ёзган роман энг кўп мутолаа қилинадиган асарлардан экани бежиз эмас. Дарҳақиқат, биринчи ўзбек романи даврлар ўтса-да бадиий қимматини йўқотгани йўқ.

Театр, кино, мультипликация, китоб графикаси ва монументал рангтасвир йўналишидаги ижодий ишлари билан тилга тушган ўзбек рассоми Бобур Исмоилов роман таржимасига бадиий безак суратлари ишлади. Мусаввир биргина китоб макети бўйича бир неча ой ижодий изланишлар олиб борди. Зеро, бадиий безак матнга уйғун бўлиши талаб этилар эди. Бобур Исмоилов романнинг тасвирий талқинини яратар экан, ўзининг бой тахайюлотигагина таяниб қолмади. У фавқулодда сезимларига суяниб, ўзбек халқининг XIX асрдаги этнографиясини чуқур идрок этишга интилди. Шу тариқа мусаввир ўша давр хусусиятларини инобатга олган ҳолда қаҳрамонлар суратига чизгилар берди, уларнинг сийратини акс эттирди. Кўп ва хўб изланишлар маҳсули бўлган ижодий ишларнинг жозибасию ўзига хослиги ҳам шунда.

– “Ўтган кунлар” каби нодир асарга, биринчи ўзбек романига бадиий безак ишлаш насиб этганидан бошим осмонга етди, – дейди мусаввир Бобур Исмоилов. – Китоб графикаси бўйича анча-мунча тажриба орттирган бўлсам-да, бу романга суратлар ишлаш осон кечмади. Аввало, қаламга олинган даврга хос меъморий ёдгорликлар, либослар, қаҳрамонлар ҳаёт тарзи ва кайфиятини ифодалашда тарихийликдан чекинмаслик лозим эди. Романга бадиий безак ишлашда эски, сарғайган фотосуратлар усулига мурожаат этдим. Менимча, бу усул ўша тарихий давр моҳияти ва руҳини теран ифодалашга хизмат қилади.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.