Ислом Каримов Фонди

Хорижда таҳсил учун грант танловининг биринчи, саралаш босқичи якунланди. Талабгорлар инглиз ва олмон тилларидан имтиҳон топширди

Ислом Каримов номидаги фондда АҚШ ва Европанинг олий ўқув юртларида магистратура йўналишида таҳсил учун грант танловининг биринчи, саралаш босқичи бўлиб ўтди. 2017 йил 3 февраль куни инглиз тили бўйича махсус тест имтиҳони ўтказилди. 4 февраль куни эса Инҳа университетида Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда олмон тили бўйича тест имтиҳони ташкил этилди.

Хорижий тил синовидан муваффақиятли ўтган талабалар мутахассислик бўйича имтиҳон топширади. Танловнинг кейинги босқичи февраль охири – март бошларида ўтказилиши режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, грантлар танловида 25 та миллий ва хорижий олий ўқув юртлари битирувчилари қатнашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, грант танлови қайта тикланувчи энергия манбалари; кимё; сув ва ер ресурсларини бошқариш; машинасозлик технологиялари; озиқ-овқат технологиялари; озиқ-овқат хавфсизлиги; озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги; шаҳарсозлик; архитектура ёдгорликларини муҳофаза этиш ва қайта тиклаш; маҳсулот дизайни; саноат дизайни; меъморчилик дизайни ва рассомлик каби мутахассисликлар бўйича ўтказилмоқда.

Ислом Каримов номидаги фонд 2016 йилда мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва Биринчи Президентининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган. Фонд шафелигида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва адабий меросини тарғиб этиш мақсадида мамлакатда ва хорижда дастурлар амалга оширилмоқда.

Фонд ёшларимиз салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ривожлантириш, шунингдек, олий ўқув юртлари ҳамда мактаб ўқитувчилари ва тиббиёт ходимлари малакасини оширишга қаратилган бир қатор илмий-маърифий ва маданий дастурларни амалга оширади. Мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли университетларида таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар ажратиш, шу орқали таълимга кўмаклашиш фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан саналади.