Ислом Каримов Фонди

Каримов Фонди Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини инглиз тилида нашр этди

Каримов Фонди томонидан монументал лойиҳа – атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романининг инглиз тилига таржимаси нашри амалга оширилди.

Ўзбек миллий романчилиги мактабининг илк намунаси саналган ушбу асар Каримов Фонди кўмагида таржима қилинди ҳамда Франциядаги номдор Nouveau Monde Editions нашриётида чоп этилди.

Роман таржимаси 30дан зиёд бадиий асарларни таржима қилган британиялик адабиётшунос Кэрол Ермакова томонидан амалга оширилди. Таржима таҳририни Жули Уикенден бажарди.

Ушбу нашр бадиий безак суратлари таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов томонидан ишланди. Абдулла Қодирийнинг ижодий мероси ҳақида, афсуски, ҳорижий китобхонлар етарлича хабар топмаган. Шу нуқтаи назардан, Каримов Фонди “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилиб чоп этишга аҳд қилди ҳамда ўзбекистонлик ёшларга мос равишда асарнинг совғабоп нашрини лотин алифбосида ҳам нашр этди.

“Тарихий давр, турфа қаҳрамонлар тақдири, характери ва ҳаёт тарзини юксак ижодий маҳорат билан, батафсил тасвирлаган муаллиф ўз асарига умрбоқийлик бағишлади, келгуси авлодларга ҳам ота-боболари кечмиши билан яқиндан танишиш имконини туҳфа этди”, – дея таъкидлайди Каримов Фонди раҳбари Лола Каримова-Тилляева асарнинг инглиз тилидаги нашрига бағишланган мурожаатида. 

Роман ва унинг инглиз тилига таржимасининг нашр этилиши Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллигига бағишланади.

“Ўткан кунлар” романининг инглиз тилидаги нашрини он-лайн Амазон Интернет-дўконида қуйидаги ҳавола орқали харид қилиш мумкин:
https://www.amazon.fr/…/ref=cm_sw_em_r_mt_dp_U_-n4nCbYFG9YWC

Абдулла Қодирий 1894 йилда Тошкентда таваллуд топиб, қисқа бўлса-да, ёрқин ҳаёт кечирди. Унинг “Ўткан кунлар” номли илк романи ҳақли равишда XX аср ўзбек адабиёти дурдонаси дея эътироф этилади ҳамда ўзбек китобхонлари бир неча авлодларининг севимли асарларидан бўлиб келмоқда.

Атоқли ёзувчи, ўзбек маърифатпарварларининг ёрқин вакили бўлмиш Қодирий Совет Иттифоқи қатағонларининг қурбони бўлиб, 1938 йилда қатл этилган. Муаллиф ўлимидан сўнг роман узоқ йиллар давомида таъқиқ остига олинди. Уйида “Ўткан кунлар” асари топилган инсонлар сўровга олиниб қамалганлиги ҳақида далиллар мавжуд. Ўлимидан 20 йил ўтиб, Абдулла Қодирий оқланиб, унинг асарлари қайта нашр этила бошлади. Лекин, мустақиллик йилларидагина тарихий ҳақиқат қарор топиб, Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди чинаккам муносиб баҳо топди. Президент Ислом Каримовнинг қарори билан Абдулла Қодирий 1991 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикасининг адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофоти лауреати унвонига, 1994 йил 25 августда илк “Мустақиллик” ордени билан тақдирланди. 1994 йилда Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти жорий этилди.

Тошкентдаги Шаҳидлар хотираси мажмуаси ва музейида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган кўплаб маълумотлар тўпланган.
“Ўткан кунлар” романининг инглиз тилида чоп этилиши жаҳон китобхонларини ўзбек халқининг бой бадиий маданияти ҳамда унинг ёрқин намояндалари билан таништиришда муҳим қадам бўлади, дея умид қиламиз.

 

 

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.

Recent Posts