Ислом Каримов Фонди

(Ру) Ислам Каримов и движение Джадидов

Ислом Каримов 1938 йилнинг 30 январида дунёга келган. Сталин қатағонлари ва “қизил террор” авжига чиққан ушбу йилда жадид ҳаракатининг деярли барча вакиллари – миллатимизнинг интеллектуал элитаси қириб ташланган эди.

Туркистонда XIX аср охири – XX аср бошларида юзага келган жадидчилик ҳаракати вакиллари ўлкани мустамлака кишани ҳамда асрий қолоқликдан озод этиш, мазлум халқ қалбига маърифат зиёси, миллий ўзлик ва эрк туйғусини сингдириш, соф диний қадриятларни тиклашни олий мақсад қилган эдилар. Шу тариқа улар Ўрта Осиё тафаккури тарихида ўзига хос янги Уйғониш даврини бошлаб берганлар.
Афсуски, мураккаб тарихий шароит жадид боболаримизга ўз мақсадларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилди.

Сталин қатағонлари даврида жадид маърифатпарварларининг асосий қисми жисмонан йўқ қилинди. Ҳурриятни байроқ қилиб чиққан инсонларга “миллатчи” ва “халқ душмани” тамғаси босилди. Маърифатпарвар боболаримиз ёзган бадиий, илмий ва публицистик асарлар халқ қалбида эрк туйғусини жўш урдириши, миллий ўзликни уйғотиши мумкин эди. Шу боис шўро пропаганда машинаси миллатнинг чинакам зиёлилари номини халқ қалби ва хотирасидан буткул ўчиришга ҳаракат қилди, жадид адабиётини ўқиш тақиқланди. Зотан, қизил империя халқни тарихий хотираси ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш орқали осонгина бошқариш ва ўз измига солишни кўзлаган эди.

Собиқ тузум бу борада ўз мақсадига эришди дейиш мумкин. Мактаб ва олий ўқув юртларида В.Лениннинг мафкуравий қарашлари, ҳаёт ҳақиқатидан йироқ социалистик реализм намуналари, КПСС тарихи, илмий атеизм, марксизм-ленинизм ғояларига асосланган фалсафа каби сунъий ўйлаб топилган фанлар ўқитилар эди…

Никита Хрушчёв замонидаги “илиқлик” даврида Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон қаламига мансуб асарлар айрим қисқартиришлар билан чоп этилган бўлса-да, халқимиз ўз улуғ фарзандлари номини унутган эди. Жадидчилик намояндаларининг маънавий мероси тарихнинг буткул номаълум саҳифасига айланганди…

Бундан бор-йўғи 30 йил аввал Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори, Худойберган Девонов, Исҳоқхон Ибрат каби пешқадам маърифатпарварлар номи, тор доирадаги мутахассисларни инобатга олмаганда, кенг жамоатчиликка нотаниш бўлгани бугун тасаввурга ҳам сиғмайди.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган 1989 йилда юртда ана шундай оғир маънавий муҳит ҳукмрон сурарди. Бир ярим аср давом этган мустамлака ва мутелик даври халқ онгида ўта салбий асорат қолдирганди.

Каримов парламент минбаридан 1991 йил 31 августда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини эълон қилган тарихий лаҳзаларни ёдга олайлик. Мамлакат тарихидаги бурилиш нуқтаси саналган ўша паллада аксар депутатлар мустақиллик ҳақидаги қарорни олқишлаб қарсак чалишга ҳам журъат қила олмаган эди. Ислом Каримов даъвати ва далдасидан кейингина депутатлар юз бир тараддуд билан қарсак чалган эди…

Депутатларнинг ушбу қўрқув ва ҳадиксирашининг яна бир сабаби бор эди – ўша пайтда Ўзбекистон ҳудудида тўғридан-тўғри Марказга бўйсунган Совет қўшинлари – Туркистон ҳарбий округи кучлари мавжуд эди. Ўша таҳликали ва мушкул тарихий даврда Мустақилликнинг эълон қилиниши Ислом Каримов учун қандай оқибатлар олиб келиши мумкинлигини аввалдан айтиб бўлмас эди.

Дарҳақиқат, мустақиллик арафаси мамлакатимиз сиёсий беқарорлик, иқтисодий танглик, миллатлараро ихтилоф ва маънавий инқироз ҳолатида эди. Каримов узоқни кўра билган сиёсатдон сифатида чинакам маънода озод Ватан қурмоқ учун, энг аввало, бир ярим аср давомида мустамлака даврини бошдан кечириб ўтмишини унутган, тарихий илдизларидан узоқлашган, муте кайфиятга тушиб қолган халқни уйғотиш, унинг миллий ғурури ва ўзлигини тиклаш, ўзига бўлган ишончини қайтариш лозимлигини теран англар эди.

Президент Каримов миллий мустақиллик мафкурасини маълум маънода Жадид ҳаракати идеаллари ва қарашларига таянган ҳолда ишлаб чиқди. У Мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий ўзликни уйғотиш, халқнинг маънавий, тарихий ва маданий меросини тиклаш масаласини давлат сиёсати, стратегик вазифа даражасига кўтарди. Жадид ҳаракати вакилларининг 60 йил давомида темир сандиқларда сақланган асарлари яна ёруғ дунё юзини кўрди, уларнинг илмий-адабий мероси кенг тадқиқот этила бошлади, маърифатпарварларнинг ғоялари ва фаолияти ўрта ҳамда олий таълим дастурига киритилди.

Президент Каримов мустақиллик ва суверенитетни мустаҳкамлаш учун энг аввало ҳур фикрли ва юксак билимли ёшларни тарбиялаш лозимлигини теран англар эди. Шу боис ҳам у интеллектуал элитани шакллантириш учун маблағни аямади.

Мустақилликнинг илк йиллари мамлакатимиз оғир иқтисодий-молиявий синовлар билан юзма-юз бўлгани маълум. Зеро, республикага СССРдан буткул бўшаган ғазна мерос бўлиб ўтган эди. Ана шундай синовли йилларда Каримов мамлакатнинг иқтидорли ёшларига дунёнинг пешқадам олий ўқув юртларида таълим бериш мақсадида “Умид” номли президент жамғармасига асос солади. “Умид” жамғармаси 1997 йилда ташкил этилганидан бошлаб, кейинги беш йил давомида 828 нафар ўзбекистонлик йигит-қизлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италиянинг етакчи университетларида бакалавриат ва магистратура йўналишларида таҳсил олдилар.

Ислом Каримов узоқни кўра билган сиёсатдон сифатида билим учун, мамлакатнинг интеллектуал тараққиёти учун сарфланган сармоя қисқа муддатда бўлмаса-да, маълум вақт ўтиб шубҳасиз ўз мевасини беришига имони комил эди.

Бу – Биринчи Президент томонидан қўйилган ёш мустақил давлатнинг салоҳиятини тиклаш, мустамлакадан кейинги даврнинг янги интеллектуал элитасини – кенг дунёқараш, илғор фикрга эга ҳамда пешқадам Ғарб университетларида олий маълумот олган янги авлодни шакллантириш йўлидаги тарихий қадам эди.

Ҳозирги пайтда Каримов Фонди Ўзбекистон мустақиллиги меъморининг хотирасига ҳамда Президент Каримовнинг “энг яхши сармоя бу – билимга бўлган сармоядир” деган маслагига эҳтиром рамзи сифатида мамлакатимиз иқтидорли ёшларига таълим бўйича грантлар ажратишни давом этмокда.

2016 йилдан буён Каримов Фонди томонидан 32 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Италия, Франция, Швейцария, Россия ҳамда Польшанинг пешқадам университетларида икки йил давомида таҳсил олиш учун грантлар тақдим этилди. Ушбу таълим грантлари қайта тикланувчан энергия манбалари; кимё; сув ва ер ресурсларини бошқариш; машинасозлик технологиялари; меъморий ёдгорликларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш; шаҳарсозлик; маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг маркетинги; архитектура, маҳсулотлар дизайни; тасвирий санъат; туризм; ахборот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар каби йўналишлар бўйича таҳсил олиш имкониятини беради.