Ислом Каримов Фонди

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганига 26 йил тўлди

Суратда: Президент Ислом Каримов БМТ Бош котиби Бутрос Бутрос Ғолий билан. 1993 йил сентябрь.
Бугун Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганига роппа-роса 26 йил тўлди. 
1991 йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини эълон қилгач, Президент Ислом Каримов ҳукумат ўз ички ва ташқи сиёсатини тўлиқ мустақил ҳолда юритгандагина мамлакат чинакам суверенитетга эга саналишини жуда яхши англар эди. Демак, ўша паллада Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият томонидан суверен давлат ва халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида тан олиниши асосий вазифалардан бири эди. 
Шу муносабат билан, Президент Ислом Каримов инаугурация маросимининг эртасигаёқ – 1992 йил 6 январда Ўзбекистон Республикасини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилишни сўраб БМТ Бош котиби Бутрос Бутрос Ғолийга мактуб йўллади. Яъни бу –Ўзбекистоннинг ичида ҳамда ён-атрофида вазият ўта мураккаб ва ғоят нотинч бўлиб турган шароитда, эндигина ўз вазифаларини бажаришга киришган янги мустақил давлат раҳбари ташлаган биринчи сиёсий қадам эди.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 2 март куни БМТнинг аъзоси бўлди.
Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлган кундан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди: тинчлик ва барқарорлик йўлидаги таҳдидларга ҳамда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосига қарши кураш, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши олдини олиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда ижтимоий-тараққиёт масалалари.
Ўзбекистонга БМТ Бош котиблари Кофи Аннан, Пан Ги Мун ҳамда Антониу Гуттереш ташриф буюрган.