Ислом Каримов Фонди

Марғилон шойи тўқимачилиги тарихига бағишланган каталог

Ислом Каримов номидаги фонд томонидан бадиий ҳунармандлик – ипакчиликнинг бебаҳо меросига бағишланган альбом-каталог чоп этилди. “Авлодларни боғловчи ришта” лойиҳаси доирасида тайёрларган каталогда Марғилон ипакчилиги, жумладан, абрбанди тўқувчи-усталар сулоласи – Мирзааҳмедовларнин ижодий фаолиятига доир маълумотлар жамланган.

Турғунбой ва Расул Мирзааҳмедовлар Марғилон ҳунармандлари анъаналарини асраб-авайлаб ижодий бойитган ҳолда, ўзбек абрбанди матолар ишлаб чиқаришни қайта тиклашга катта ҳисса қўшдилар.

Мирзааҳмедовларнинг ижодий салоҳияти ҳамда уларнинг заҳматли меҳнатидан яқин-яқингача кенг жамоатчилик бехабар эди. Қўлигул усталарнинг саъй-ҳаракатларини рағбатлантириб, ўзбек анъанавий ҳунармандлиги феноменини кенг жамоатчиликка танитиш лозим эди.   

Каталогда Турғунбой Мирзааҳмедовнинг ижодий изланишлари ва машаққатли ҳаёт йўли тасвирланади. Заҳматкаш ҳунарманд 1982 йили советча ҳаёт тарзига зид равишда хусусий мулкка эга бўлди ва қўшимча даромад олди деган айблов билан беш йилга озодликдан маҳрум этилган ҳамда мол-мулки мусодара этилган эди. Юксак инсоний матонат ва касбий садоқат соҳиби бўлган бу инсон кутилмаган синовларга қарамай, ота-боболари ҳунаридан воз кечмади, уйидаги дастгоҳда гўзал матолар тўқишдан чарчамади. Шу тариқа Турғунбой уста игна билан қудуқ қазишдек машаққатли меҳнати билан мумтоз ўзбек ипакчилиги тикланишига улкан ҳисса қўшди. Уста ҳунарманднинг кўп йиллик заҳматли меҳнати вақти келиб эътироф этилди.

Уста фаолияти мобайнида юздан ошиқ абрбанди нақшларини яратди, кўҳна анъаналарни янгилаб ва қайта идрок этиб, XX аср ўрталарида йўқола бошлаган кўплаб шойи ва нимшойи матоларни тўқиш сирларини янгидан кашф этди. 

Ушбу нашрдан Турғунбой Мирзааҳмедовнинг оригинал тарҳ ва расмлари, ота ва ўғил усталари томонидан яратилган шойи, беқасаб, адрас, банорас, бухороча аъло бахмал каби ранго-ранг ипак матолар намуналари, шунингдек, тўқувчилик ҳунарига доир ноёб фотосуратлар ўрин олган.

Каталогда ҳунарманд ижодининг бадиий ва технологик хусусиятлари, шунингдек, унинг ўғли Расул Мирзааҳмедовнинг пешқадам абрбанди уста сифатида шаклланиши атрофлича таҳлил қилинган.

Ушбу нашрни ўзбек ипакчилигини асраб-авайлаш, тиклаш ва ривожлантириш, умуман, бетакрор ва барҳаёт бадиий ҳунармандликка бағишланган салмоқли тадқиқот деб аташ мумкин.

Yuklab oling

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.