Ислом Каримов Фонди

«Ислом Каримов: улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» деб номланган фотоалбомнинг тақдимоти

Тошкент Фотосуратлар уйида «Ислом Каримов: улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» деб номланган фотоалбомнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Нашр Мустақил Ўзбекистон асосчиси Президент Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар доирасида чоп этилди.

Мазкур фотоалбом Каримов Фонди ва Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳамкорлигида нашр этилди. Китобда Биринчи Президентимизнинг шахсий фотографи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарход Қурбонбоев ва фоторассом Темур Қурбонбоевнинг суратлари ўрин олган.

Тақдимот маросимида албомга киритилган Биринчи Президентнинг фотосуратлари намойиш этилди. Ушбу суратлар ўз мамлакатининг тарихини ўзгартирган, одамларни мустақилликка олиб келган ва янги давлат пойдеворини яратган улкан одам ҳақида ҳикоя қилади.

«Ушбу оқ-қора суратлар ниҳоят ҳаққонийдир: ҳис-туйғулар ва кайфиятни акс эттирган ҳолда, улар ушбу шахснинг улканлиги ҳақида аниқ тасаввур беради. Суратларда тасвирланган инсон ҳаёлий, ўйлаб топилган эмас, балки ўз аслидаги каби ифодаланган», – дейди Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Т.Ш.Ширинов ўз табрик сўзида, ушбу фотоальбомда кўзга ташланиб турган асосий нуқталардан бири бу – давлат раҳбарининг метин ирода соҳиби бўлгани, бу у кишининг бутун бир даврни қамраб олган суратларида акс этгани, қолаверса, буюк давлат арбоби сиймосида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тарихи ҳам намоён бўлишини таъкидлади.

Фотоалбомнинг муаллифи фотосуратчи Фарход Қурбонбоев таъкидлашича, фотожамламадаги ҳар бир суратнинг ўз тарихи бор, ҳеч бир сурат шунчаки олинган эмас.