Ислом Каримов Фонди

“Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китобининг тақдимоти

Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан Ёдгорлик мажмуаси ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган маърифий кечада Биринчи Президентимизнинг яқинлари ва қадрдонлари, дўстлари ва сафдошлари жам бўлди. Тадбирда Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига эҳтиром рамзи сифатида илиқ фикрлар билдирилди, самимий таассуротлар ёдга олинди. Тақдимот маросимида сўзга чиққан Татьяна Каримова китобни яратиш ғояси қандай туғилгани хусусида гапириб берди:

“Китобни тайёрлашга қандай киришганимиз хусусида икки оғиз сўзлаб берсам. Менга, Ислом Каримов номидаги Фондга, шунингдек, у кишининг номи билан аталган Ёдгорлик мажмуасига Биринчи Президентимиз ҳақида илиқ хотиралар ёзилган кўплаб мактублар келди. Шу тариқа ёдномаларни тартибга солиб, яхлит бир китобга жамлаш фикри туғилди. Хотира ва мактублар кундан-кунга кўпайиб борди. Ушбу китоб устида ишланаётгани маълум бўлгач эса, хотира ёзиш истагида бўлганлар сафи янада кенгайди, таъбир жоиз бўлса, бизга мактублар ёғилиб келди. Китоб ҳажми чеклангани сабаб, афсуски, унга барча ёдномаларни кирита олмадик.  Шу боис, ҳали бу китобнинг давоми бўлади, деган умиддаман. Ёднома ва фотосуратлар орқали Ислом Абдуғаниевичниниг инсон, Президент ҳамда мустақил Ўзбекистон давлат асосчиси сифатидаги ҳаёт йўлларини акс эттиришга интилдик”.

Тақдим этилган китобдан хориж ҳамда мамлакатимиз давлату сиёсат арбоблари, фан, маданият ҳамда санъат намояндалари, турли ёш, турфа касбу кордаги ватандошлар, шунингдек, Биринчи Президентимиз билан узоқ йиллар ёнма-ён фаолият юритган инсонларнинг дил сўзлари ўрин олган. Қолаверса, китобда Ислом Абдуғаниевич билан боғлиқ унутилмас воқеалар, ҳаётий ҳикоялар ва самимий ёдномалар  жамланган. Ўқувчилар эътиборига илк бор Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти – болалиги, таҳсил йиллари ва турли лавозимлардаги хизмати ҳақида ҳикоя қилувчи фотоасарлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланишида Ислом Абдуғаниевичнинг роли (муҳим чиқишлар, Биринчи Президентимиз бошқарувга келгунга қадар мамлакатда ҳукм сурган мураккаб ва мушкул вазият) акс этган тарихий суратлар ҳавола этилади. Ушбу китоб бозор иқтисодиётига асосланган дунёвий, демократик давлат бунёд этиш йўлидаги кенг кўламли тадрижий ишлар ҳақида ҳам тўлиқ тасаввур беради.

15 минг ададда чоп этилган тўплам мамлакатимиздаги барча кутубхоналар, олий ва ўрта махсус ўқув муассасаларига тарқатилади.

Татьяна Акбаровна, шунингдек, маърифий кеча номига ҳам алоҳида изоҳ бериб ўтди:

“Бугунги тадбиримиз “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит” деб номлангани бежиз эмас. Зеро, ёниб турган юраги ила қоронғи йўлларни ёритиб, халқини қутқариб қолган Данко – ёш Ислом Абдуғаниевичнинг мактаб йилларидаёқ севимли қаҳрамонлардан бири эди. Ушбу мардлик намунаси Ислом Каримовнинг ҳаётий маслагига айланди ва у киши бутун умрларини халқ хизматига бахш этдилар”.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, дипломатик корпус, вазирликлар, идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари қатнашди.

Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат кўрсатган барча нотиқларга Биринчи Президентимиз рафиқаси томонидан Ислом Каримов эсдалик медали топширилди. 

Тадбир якунида катта байрам концерти намойиш этилди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.

Recent Posts