Ислом Каримов Фонди

Урганч шаҳрида Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб утди

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар туркуми давом этмоқда. “Ўзбекнефтегаз” АЖ ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Урганч шаҳрида ўтказилган кечада жамоатчилик вакиллари, талабалар, ўқувчилар ва фахрийлар иштирок этди. 

Шу куни Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига эҳтиром рамзи бўлган самимий фикрлар билдирилди, унинг Хоразм вилояти тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси эътироф этилди. Илм-фан, маданият арбоблари, фахрийлар ва нефть-газ соҳаси мутахассислари, жамоатчилик вакиллари мустақилликка эришиш ва мамлакатнинг ўз тараққиёт йўлини танлашида Ислом Каримовнинг тарихий роли хусусида сўзладилар.Хоразм аҳлининг қалби тубидан чиққан, самимиятга йўғрилган сўзлари Биринчи Президентимизнинг хотирасига чинакам эҳтиром ифодаси бўлди. Хусусан, минтақадаги ободлик, тинчлик ва барқарорлик Ислом Каримов номи билан чарбарчас боғлиқ экани таъкидланди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ташкилотчилар ва иштирокчиларга ушбу тадбирни ўтказганлари ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллиги асосчиси хотирасига кўрсатган самимий эҳтироми учун миннатдорлик изҳор этди. 
Тадбирда, шунингдек, давлатимиз шаклланиши ва тараққиётида Ислом Каримовнинг улкан хизматлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди.

Учрашув концерт дастури билан якунланди. Мусиқий дастурда Биринчи Президентимизга бағишланган шеър ва қўшиқлар, шунингдек, Ислом Каримов севган машҳур “Лазги” рақси ижро этилди.