Ислом Каримов Фонди

Таълим гранти саралаш танловининг иккинчи босқичи

2017 йил 28 февраль – 1 март кунлари Ислом Каримов номидаги фонд гранти учун саралаш танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Грант ғолиблари 2017-2018 йилларда АҚШ ва Европа олий таълим муассасаларида магистрлик йўналишида таҳсил олиш имконига эга бўлади. Иккинчи босқичда 4 февраль куни бўлиб ўтган хорижий тиллар бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтган номзодлар иштирок этди. Тест ва суҳбат шаклидаги галдаги синовлар талабгорларнинг мутахассислик бўйича билим даражасини аниқлашга қаратилди. Имтиҳон жараёнига Ўзбекистон олий ўқув юртларининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари таклиф этилди. Тест ва суҳбатни тажрибали психологлар кузатиб борди.

Иккинчи босқичдан муваффақиятли ўтган грант талабгорлари сўнгги синов – 2017 йил 18 ва 31 март кунлари ташкил этиладиган IELTS имтиҳонида қатнашади. Эслатиб ўтамиз, грант танлови қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё, сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, шаҳарсозлик, архитектура ёдгорликларини муҳофаза этиш ва қайта тиклаш, маҳсулот дизайни, саноат дизайни, меъморчилик дизайни ва рассомлик каби мамлакатимиз учун муҳим мутахассисликлар бўйича ўтказилмоқда.

Ислом Каримов номидаги фонд 2016 йилда мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва Биринчи Президентининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган. Фонд шафелигида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва адабий меросини тарғиб этиш мақсадида мамлакатда ва хорижда дастурлар амалга оширилмоқда. Фонд ёшларимиз салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ривожлантириш, шунингдек, олий ўқув юртлари ҳамда мактаб ўқитувчилари ва тиббиёт ходимлари малакасини оширишга қаратилган бир қатор илмий-маърифий ва маданий дастурларни амалга оширади. Мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли университетларида таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар ажратиш, шу орқали таълимга кўмаклашиш Фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан саналади.