Ислом Каримов Фонди

«Йўқотилган жаннатни излаб…” номли кўргазма

Ислом Каримов номидаги Фонд ўзининг “Йўқотилган жаннатни излаб…” номли янги кўргазма лойиҳасини тақдим этди. Унутилиб бораётган ўзбек читгарлиги санъатини тиклашга ва ривожлантиришга бағишланган кўргазма 2017 йил 30 ноябрдан 20 декабргача Тошкент фотосуратлар уйида бўлиб ўтмоқда.

Кўргазманинг очилиш маросимида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, дипломатик корпус вакиллари, таниқли санъатшунос ва рассомлар иштирок этдилар.

Лойиҳа экспозициясида ўзбек читгарлиги санъатига мансуб мумтоз ва замонавий услубдаги матолар, шунингдек ёғоч қолипларнинг турли наъмуналари ҳавола этилган.

XIX асрнинг биринчи ярмида кенг тарқалган халқ ҳунармандчилигининг бу тури ХХ асрнинг ўрталарига келиб деярли йўқолиб кетди, фақат 1970 йилларнинг охири – 1980 йилларнинг бошида вақтинча қайта тикланди. Бугунги кунда читгарлик санъати Бухоро ва Марғилонда қисман сақланиб қолган.

XIX асрнинг охири – ХХ асрнинг бошларида Тошкент, Бухоро, Хива, Марғилон ва Наманган шаҳарларида читгарлик санъати кенг тарқалган эди. Ўзининг бежиримлиги, қўлланишда қулайлиги ва арзонлиги туфайли бундай матолар халқ орасида кенг тарқалди. Читгар-усталар матони яратиш жараёни мураккаб бўлишига қарамай, ушбу санъатда юқори натижаларга эришдилар. Ўзбек читгарлиги ўзининг чўққисига етган даврни ўзига ҳос жаннат дея атаса бўлади. 

Читгарлик – амалий безак санъатининг қадимий турларидан бири бўлиб, ёғоч қолиплар ёрдамида матога гул босиш жараёнидан иборат.

Мазкур кўргазма Ислом Каримов Фонди томонидан ташкил этилган иккинчи кўргазма лойиҳаси ҳисобланади.

Ислом Каримов Фондининг ипакчилик санъатига бағишланган “Авлодларни боғловчи ришта” номли илк кўргазма лойиҳаси 2017 йил июнь ойида тақдим этилган эди.

Фонд тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда юртимизда ва хорижда тарихий-маданий меросимизни тарғиб этишга йўналтирилган тадбирлар, жумладан, концертлар, тақдимотлар ва кўргазмалар уюштиради, Ўзбекистон илм ва санъат аҳлининг хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашув дастурларини қўллаб-қувватлайди.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.