Ислом Каримов Фонди

Олтин медаль соҳиби. Зиёрат. Ўқувчилар тўгараги

ОЛТИН МЕДАЛЬ СОҲИБИ

Муҳаммад Исмоил

Бундан бир неча йил муқаддам Самарқанд шаҳрига Президентимиз Ислом Абдуғаниевич ўқиган 21-мактабга борган эдим. Мени Ислом Абдуғаниевичнинг болалик чоғлари  қизиқтирар, “бўладиган бола бошидан маълум” иборасини ишлатиб, ҳаммани лол қолдирувчи  мақола ёзсам дердим.

Мактаб Ислом Абдуғаниевич ўқиган пайтлари қандай бўлса, ўша ҳолатда сақланиб қолган, кўҳна ва шинам. Стол, стул, доскалар, хоналар ўша ўша, ҳатто Ислом Абдуғаниевич тутган кундалик дафтарлар, иншо дафтарлари, табеллар, биринчи синфдан то юқори синфгача синфдошлар билан тушган суратлар, винеткалар, бироз сарғайиб, йиллар нуқси урганини айтмаганда ҳаммаси гард юқтирилмай сақланган эди. Кундалик дафтарга қўйилган баҳолар, тўғриси, мен умуман кутмаган, мени бу қадар ҳайратга солади деб ўйламаган,  яъни ҳаммаси “аъло” – “5” баҳолар эди.  Йиллар давомида бирорта “4” олмаслик, назаримда, ақлимга сиғмасди.

Ҳайратимни яширолмай, “ростдан ҳам шундай бўлганми?”, деган маънода мактаб директори Сайёра Маликовага юзландим.

– Ислом Абдуғаниевич мактабни 1955 йилда олтин медаль билан тамомлаганлар, – деди Сайёра опа, – ўша йили вилоятда ўқувчилар ўртасида ўтқазилган олимпиаданинг мутлоқ ғолиби ҳам Ислом Абдуғаниевич бўлганлар. Бундан ҳам қизиғи, Ислом Абдуғаниевични кўп йиллар ўқитган устози, кекса педагог Ҳалим Абдураҳмонов 1955 йилда Ислом Абдуғаниевичга топширган “фахрий ёрлиқ”нинг орқасига қолдирган ёзувдир: “Мен бутун умримни педагогикага бағишладим. Олтмиш йиллик фаолиятим давомида минглаб болаларга устозлик қилдим. Аммо шу йиллар ичида Ислом Каримовдай зукко, ақлли, илмга чанқоқ, дўстларининг меҳру-муҳаббатини қозонган бошқа ўқувчини учрата олмадим. Ислом Каримовга ўнинчи синфни битирув кечасида олтин медаль топширишим ҳаётимнинг энг саодатли дақиқаларидир!”

1955-йилда олимпиаданинг мутлоқ ғолиби бўлиш, “олтин медаль” олиш ва кекса педагогнинг бундай олқишига сазовор бўлиш – бу жуда катта бахт! – дея сўзларди Сайёра Маликова.

 

ЗИЁРАТ

– Кекса устоз Ҳалим Абдураҳмоновнинг  ўқувчи Исломжонни бу қадар эъзозлашининг боиси нимада? – дея сўрадим мактаб директори Сайёра Маликовадан.

Албатта, ўқитувчи синфда ҳаммага бирдай қарайди, ҳаммага бирдай таълим тарбия беради, лекин ҳаммага бирдай меҳр беролмайди. Чунки бировни бировга меҳр боғлаши Худодан. Ҳалим Абдураҳмонов Исломжонни кўрсатиб, бу болада бир хислат бор, ҳеч кимда йўқ бир фазилат бор, шу болани Худога ёқадиган бир жиҳати бор, дея ҳамиша айтиб юрарканлар. Бир куни одамлар, у қандай фазилат, дея сўрайвергач, бир бўлган воқеани айтиб берган эканлар. 1952-1953 йиллар, ҳали Сталин тирик пайтда, Ислом Абдуғаниевич 8-синфни битириб, ёзги таътилни тугатиб, синфдошлари билан Шаҳрисабзга боришни мақсад қилади: “Мана шу тоғнинг нариги тарафида Шаҳрисабз шахри бор. У ерда буюк саркарда бобом Амир Темур ҳазратлари таваллуд топган. Мен ўша жойларни зиёрат этишим шарт», – дейди. Табиийки, у пайтларда Амир Темурни зиёрат қилиш тугул, номини айтишга одамлар қўрқарди. Ислом бу ҳақда синфдошларига айтганда, синфдошлари тум-тарақай қочиб кетади. Мен ҳам Исломжонни омон сақлаш учун уни йўлдан қайтаришга роса уриндим, ялиниб ёлвордим, қўрқитдим, дўқ-пўписа қилдим, аммо бари ҳаракатларим зое кетди. Исломжон ўша ёзда Шаҳрисабзга яёв бориб келди. Мен бу ҳақда гап иқмаслигига қанча ҳаракат қилсам ҳам, бутун мактаб бу воқеадан воқиф бўлди. Мен Исломжонни мардлигига тан берганман. Исломжон бобоси Амир Темурни ардоқларди, унда Амир Темурнинг шижоати бор эди, шу сабаб ҳам Исломжонни Амир Темурнинг руҳи бир умр қўллаб келган бўлса ажаб эмас.

(Муҳтарам дўст ! Худо шоҳид, ушбу сўзларни Сайёра Маликовадан қандай эшитган бўлсам шундайича сўзма-сўз ёзаяпман. Ҳозир йиғидан бошқа, тўғри сўз ёзишдан бошқа ҳеч нарса кўнглимга сиғмайди. Бу сўзлар менинг бўйнимдаги қарз сўзлар эди. Муҳтарам Президентимиз тирикликларида бу сўзларни ёзишим керак эди. Аммо истиҳола қилганман. Келинглар, тириклигимизда бир-биримиздан меҳримизни аямайлик, муҳаббатимизни изҳор қилишдан тортинмайлик.)

 

ЎҚУВЧИЛАР ТЎГАРАГИ

Бизнинг мактабдан Ислом Каримовнинг оёғи ҳеч қачон узилмаган, – дейди Самарқанд шаҳридаги, Президент  ўқиган 21-мактабнинг кекса ўқитувчиси Мустахкам Останақулова. – Агар Ислом Каримов болалигини соғинмаганда, ўқувчилик йилларини эсламаганда, болаликдан қолган ширин хотираларни қўмсамаганда, бизнинг мактабга тез-тез келмас, болалар билан болаларча суҳбатлашмасди. Ислом Каримов болалигида учувчи бўлишни орзу қиларди. Тасаввур қилинг-а, қирқ тўққизинчи, эллигинчи йилларда Ислом Каримов учувчи бўлишни орзу қилган ва мактабдаги авиамодельчилар тўгарагининг фаол аъзоси бўлган. Тўгарак раҳбари Иван Алексеевич Колениченко бизга бир қизиқ воқеани гапириб берганди: “Кечки пайт эди. Мактабда қоровулдан бошқа ҳеч ким йўқ,  бизнинг синфнинг чироғидан  ўзга  чироқлар ўчирилганди. Уч-тўрт ўқувчи билан самолётларнинг янги моделини ясаб ўтиргандик. Бир пайт эшик тақиллаб қолди. Ўқувчиларнинг ота-оналаридан бўлса керак дея, жойимда турган ҳолатда, “Кираверинг, эшик очиқ”, – дедим ва  ишимни давом эттиравердим. Биз болалар билан ишга берилиб кетган эдик. Бир пайт ортга ўгирилиб қарасам, тепамда Ислом Абдуғаниевич турибди. У пайтда Қашқадарё вилоятининг обком секретари эди. Қучоқлашиб кўришдик.  Ислом Каримов болалик пайтларида авиамодельчилар тўгарагида кечки ўн, ўн биргача қолиб кетар эди. Шунинг учун ҳам у кейинчалик Политехника  институтига ўқишга кирди, авиация заводида ишлади. Хуллас, ўша куни тун ярмигача суҳбатлашиб ўтирдик.

Ислом Каримов  тўгарак ҳалиям ишлаяптимикин, издошларимиз бормикин, болалар самолётлар ясаяптимикин, самолётсозликни ўрганаяптимикин, деган хавотирда экан. Бизни кўриб, қувониб кетибди. Ўшанда у ҳаммага совға-салом улашди. Ўқувчиларга фақат “аъло”  баҳоларга ўқишни тайинлади. Бу кутилмаган учрашувдан бошим осмонга етди.”

Ислом Каримов ясаган авиамоделлар мактабимизда ҳали ҳам турибди. Буюк инсонлар буюк болалар туфайли дунёга келишини унутмайлик, –  дея сўзини якунлади Мустаҳкам Останақулова.

(Муҳтарам дўстлар ! Ислом Каримовнинг жойи жаннатдан бўлсин.  Кимки мен сингари  у зотдан миннатдор бўлса, келинглар  дуо қилайлик. Зеро, бу дуомиз холис дуодир. Мен 25 йил давомида у киши ҳақида бирор мақола, бирор шеър ёзмаган эдим. Энди ўйлаб қарасам, Ислом Каримов менга ҳам, халқимизга ҳам кўп яхшиликлар қилган экан. 25 йил давомида тинч-осуда, бахтли-саодатли ҳаёт кечирдик. Қисқаси, ўз умримдан, ҳаётимдан мамнунман. Ношукур бўлмайлик. Худо фақат ношукурларнигина жазолашини, ношукурларнинг биринчиси шайтон эканлигини унутмайлик. Ким ўз кечирган ҳаётидан мамнун бўлса, Оллоҳ уни яхши яшаши учун Ислом Каримовни сабабчи қилиб қўйгандир. Ўз ҳаётидан мамнун эмасларнинг ихтиёрлари ўзларида. Оллоҳнинг даргоҳи кенг. Уларга ҳам омад ёр бўлсин !)