Ислом Каримов Фонди

Жаҳонотин Увайсий

Бу на гумбаздир эшиги, туйнугидин йўқ нишон…

Неча гулгун пок қизлар манзил айлабдир макон.

Туйнугин очиб аларнинг ҳолидан олсам хабар,

Юзларида парда тортиғлиқ турурлар бағри қон.

Ушбу чистон услубида ёзилган шеър халқимизнинг энг севимли ва қалами ўткир шоиралардан бири, ниҳоятда доно ва зеҳни кучли аёл Жаҳонотин (Жаҳон биби) Увайсий томонидан битилгандир. Увайсий 1781 йили Марғилон шаҳрида туғилган ва 65 йил умр кўрган. Отаси Сиддиқ бобо икки тилда шеърлар битган. Онаси Чиннибиби отинойи бўлиб, акаси Охунжон ҳофиз сифатида машҳур бўлган. Увайсийни Ҳожихон исмли косибга узатишган, бироқ ёшлигидаёқ икки фарзанди билан бева қолиб, шахсий ҳаётида куп қийинчиликларни бошидан кечирган. Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг Увайсий она шаҳри Марғилондан Қўқонга кўчиб боради, ҳамда Қўқон хони Умархоннинг хотини шоира Нодирабегимнинг яқин дугонасига айланади. Увайсий Қўқон хони саройида Нодира ва бошқа хотин-қизларга шеърият илмидан устозлик қилган.

Шоиранинг 15.000 мисрага яқин шеърий асарлари мавжуд бўлиб, улар 4 девонни ташкил этган. Увайсий чистон услубида ёзишликни ўзбек шеъриятига олиб кирган шоира бўлган. Шоира ҳаёти мобайнида бошидан кечирган фожиавий ҳолатларни ўз ижодида акс эттирган.

Қуръони Карим оятлари, ҳадислар ва тасаввуф илмининг ғояларига асослаган ҳолда Увайсий ўз ижодида эзгулик, инсон тақдири, шахс эркинилиги, дўстлик, вафо ва садоқат каби тушунчаларни тараннум этган ва ҳаётлик давридаёқ халқ орасида катта машҳурлик ва хурмат-эътиборга сазовор бўлган шоирадир. Унинг шеърлари халқ оммаси орасида кенг ёйилган, ҳамда ҳозирги кунга кадар ҳофизлар томонидан мақом ва халқ оҳанглари йўлида куйланиб келинади.

Лирик шеърларидан ташқари, Увайсий «Шаҳзода Ҳасан», «Шаҳзода Ҳусан» каби асарлар муаллифидир ва улар Муҳаммад пайғамбаримизнинг набиралари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусан ҳаётларига бағишлангандир. Увайсининг «Воқеоти Муҳаммад Алихон» деб номланган тарихий достони тугалланмаган.

Шоира 1842 йилда Бухоро амири Насруллахон Қўқонни эгаллагач, Марғилонга қайтиб, умрининг охиригача у ерда яшаган.