Ислом Каримов Фонди

Шохи-Зинда

Шохи-Зинда (форс. شاه زنده — «тирик шоҳ») – Самарқанддаги ўрта аср меъморчилигининг ноёб обидасидир.

Ушбу тарихий жой кўп асрлик ривоятларга бой. Мажмуага кираверишда зиёратчилар тарихий зинапояга дуч келадилар. Ривоятга кўра, ушбу зинапоя инсон руҳий такомиллашишининг бир рамзи деб ҳисобланади.

Бир ривоятда, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд Шохи-Зиндада бажарган 40 кунлик ибодатлари ҳақида сўз боради. Буюк уламо ҳар куни Оллоҳнинг номини зикр этиб, зинама-зина тепага кўтарилиб борган эканлар, ва ниҳоят зинапоянинг энг устки супачасига етиб келган дақиқада, уларга қараб шиддат билан оқ отни чоптириб келаётган чавандозга кўзлари тушади. Шу онда суфий чопиб келаётган от устиларидан босиб кетади деб ўйлайдилар, бироқ уларнинг юзларига разм солиб турган чавандоз буюк уламодан ниманидир сўрайди.

Ушбу бўлган воқеани пастдан кузатиб турган ва ҳайратланган зиёратчилар, чавандоз суфий билан гапини тугатибоқ тулпорини буриб, қандай тўсатдан келган бўлса, худди шундай ғойиб бўлганини кўрадилар. Ривоятга кўра, ўша чавандоз Қусам ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) бўлиб, улар суфийнинг диний саёҳатларининг чўққисида синашга қарор қилган эдилар. Қусам ибн Аббос Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлганлар. Улар Расулуллоҳнинг амакиваччалари бўлиб, Макканинг ҳокими вазифасини бажарганлар. Халифа Муовия ҳукмронлиги даврида улар мусулмончиликни жорий этиш ва Шариат асосларини солиш учун Самарқандга кичик қўшин билан жўнатилади. Кунларнинг бирида Қусам ибн Аббос навбатдаги хутбаларидан сўнг кичик бир тирқишдан ғорга кириб кўздан ғойиб бўладилар. Улар ҳали ҳам ўша ғорда яшайдилар деган каби ишонч, «Шохи – Зинда» яъни «Тирик шоҳ» деган номни келтириб чиқарган.

Ривоятларда шунингдек, агар кўтарилиш ва тушиш даврида саналган зиналар сони бир-бирига тенг келса, у ҳолда инсон ўз гуноҳларидан тозаланган деб ҳисобланади дейилган.

Неча асрлар ортда қолган бўлса ҳам, дунёнинг ҳар томонидан, турли дин ва эътиқод вакиллари дуо ўқиш ва зиналар сонини санаш учун ушбу тарихий обидага келадилар.

2001 йил Шохи-Зинда мақбараларининг мажмуаси, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.