Ислом Каримов Фонди

Иқтибослар

«Ватан равнақи аввало унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида ҳар бир юртдошимизни зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади».

«Ҳаракатлар деймиз, ташвишлар деймиз, қанча-қанча қийинчиликлар бошимиздан ўтди. Ҳаммаси нима учун? Ким учун? Инсон учун, миллат учун, келажагимиз учун!»

«Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Нега деганда, ҳаётимизни шундай рельсга қўямизки, унинг ўз манзили бор. Бу манзил – эркинлик, озодлик ва барқарор яшаш!..»

«Ҳаммамиз бир юртнинг фарзандимиз, Ўзбекистон – ватанимиз учун жон куйдириб яшаб, меҳнат қилишимиз, муаммоларни биргалашиб ҳал қилишимиз зарур… Биз учун Ватан битта! Мамлакат битта! Бизни битта манфаат бирлаштиради: мустақил Ўзбекистон манфаатлари! Ана шу буюк мақсад, олий манфаат йўлида бирлашиб курашишимиз керак».

«Ҳар бир ота-она учун фарзанд камоли, оиласининг шон-шуҳрати муқаддас орзу-ҳавас ҳисобланади. Шундай экан, биз келгуси авлод баркамоллиги учун, ўғил-қизларимизнинг улуғ аждодларимизга хос оқил ва юксак маданиятли кишилар бўлишлари учун доимо эътибор бермоғимиз керак».

«Улуғ аждодларимиздан муқаддас мерос бўлиб келаётган ватанга муҳаббат туйғуси, фарзандларимиз, бугунги ва келажак авлодларимиз учун чинакам эътиқодга, чинакам ақидага айлансин».

«Юксак маънавият – енгилмас куч».

«Тарихий хотирасиз келажак йўқ».

«Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт».

«Худо бизга қўйган талаб битта – имонли бўлиш, ҳалол яшаш ва ҳалол меҳнат қилиш».

«Бизнинг эндиги вазифамиз – мана шу йўлдан оғишмай, бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштириб, пировард натижага етказиш ва “Биз дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!” деган шиорни амалда рўёбга чиқаришдан иборат».

«Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?»

«Маънавиятни асраш — инсонни, аввало, ёш авлодимизни, келажагимизни асраш демакдир».

«Асосий вазифамиз – Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдир».

«Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, имон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч».

«Халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг. Бундай ноёб ва бебаҳо бойликни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз, биринчи галда, зиёлиларимиз, бутун жамоатчилигимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши шарт».

«Ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланишини истардим».

«Энг муҳими шундаки, “портлаш эффекти”нинг ҳақиқий моҳияти ва аҳамияти вақт ўтиши билан, биз тарбия қилаётган соғлом ва баркамол авлоднинг сафимизга тобора илдам кириб бориши билан янада яққолроқ сезилади».

«Жамиятимизни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезони ва мақсадидир».

«Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз».

«Миллий ғояда мужассам бўлган буюк мақсадларни рўёбга чиқариш авваламбор жамиятимиз ва шу жамият аъзоси бўлмиш ҳар қайси инсоннинг маънавий олами ва дунёқарашидаги ижобий ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур».

«Бизнинг йўлимиз – демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация жараёнларини изчил давом эттириш йўлидир».

«Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди».

«Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир».

«Маънавият – инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир».

«Ватан ҳисси, Ватан туйғуси барча нарсадан қадрлироқдир. Биз фарзандларимиз онгига ва қалбига ана шу туйғуни сингдиришимиз лозим».

«Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари».

«Маънавият инсонга она сути, ота намунаси, аждодлар ўгити билан бирга сингади».

«Маънавият – тақдирнинг эҳсони эмас. Маънавият инсон қалбида камол топиши учун у қалбан ва виждонан, ақл ва қўл билан меҳнат қилиши керак. Бу хазина инсонга ҳаётда барқарорлик бағишлайди, унинг қарашлари шунчаки бойлик орттириш йўлида кун кўришга йўл қўймайди, фожиалар вақтида омон сақлаб қолади ва моддий қийинчилик кунларида иродани мустаҳкамлайди».

«Виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди. Айниқса, эл-юрт манфаатига зарар етказадиган ёвуз хатти-ҳаракатларга ҳеч қачон четдан жим қараб туролмайди…»

«Агар одамзод бу дунёда руҳан пок бўлиб, иродаси бақувват, имони бутун, виждони уйғоқ бўлиб яшамас экан, инсон ҳаётининг қандай маъноси қолади?»

«Янги мафкуранинг асл мазмуни – янгича, эркин фикрлайдиган, мутелик ва журъатсизлик туйғусидан мутлақо холи, мустақил инсонни тарбиялашдир. Янгича фикрлайдиган фозил инсон, энг аввало, фуқаролик бурчини ҳис этадиган шахс бўлиши даркор».

«Бугунги кунда ғояни, фикрни тақиқ билан, маъмурий чоралар билан енгиб бўлмайди. Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин».

«Инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш – бош вазифамиз. Бу жамиятда халқ ҳукмдорларга эмас, ҳукмдорлар халққа хизмат қилиши – асосий қоида. Биз ана шу тамойил ва йўл-йўриқларни ҳаётимизнинг мазмун-мундарижасига айлантириш учун интиляпмиз. Энг муҳим гап шуки, бошлаган барча ислоҳотларимизнинг пировард мақсади битта – адолатли жамият барпо этиш».

«Бозор муносабатларига ўтиш – кўр-кўрона мақсад эмас, балки иқтисодни ўнглаш, жамиятни янгилаш йўли. Демократик давлат қурмоқчи эканмиз, энг аввал, ижтимоий адолат принципларига содиқ бўлиб қолишимиз керак. Агар бозор етим-есирларнинг, қариялар ва камбағал-ночор одамларнинг кўзёши эвазига қуриладиган бўлса, бунақа бозорнинг уйи куйсин…»

«Бозор иқтисодиёти деб инсон маънавиятини унутиш гуноҳ бўлади. Нуқул пул ва фойда кетидан қувсак-да, аммо одамларимиз руҳан қашшоқ бўлиб қолса – бундай жамиятнинг ҳеч кимга кераги йўқ».

«Ўзбек миллатининг, ўзбек фарзандларининг қобилият, зеҳн-заковат, тиришқоқлик борасида бошқа ҳеч бир миллат ёки халқдан қолишадиган жойи йўқ. Фақат мавжуд интеллектуал имкониятларимизни тўлиқ ишга солишимиз, улардан мукаммал тарзда фойдалана билишимиз зарур. Ота-боболаримиз шуҳратининг соясига маҳлиё бўлиб юрадиган даврлар энди ўтди. Бугун жаҳон биздан ўз сўзимизни айтишимизни, ўз тафаккуримизни намоён этишимизни талаб қилмоқда. Бошқа халқлар, бошқа миллатлар бизга ётсираб-беписанд қарамаслиги, балки бизни эътироф этиши, бизни эҳтиром этиши керак. Биз ана шу юксак муносабат ва ҳурматга лойиқ бўлишимиз даркор».

«Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди…»

«Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб ўзликни англаш мумкин эмас».

«Илмга, ижодга, кашф этишга интилиш – бу олижаноб интилишдир. Ҳозирги шароитда ишбилармонлар, савдогар ва тадбиркорлар топиш-тутиш жиҳатидан илм-фан ва маданият соҳаси кишиларидан ўтиб кетгани сир эмас. Майли, бозор иқтисодиёти бусиз бўлмайди… Лекин фан, ижод уларнинг соясида қолишига биз йўл қўя олмаймиз… Зеро, илмга интилиш йўқолса, фан тараққий этмайди, илму фан ривожланмаса – жамиятнинг келажагини тасаввур этиб бўлмайди».

«Адабиёт масаласи бу – маънавият масаласидир… Ижодий жараённинг, адабиётнинг асосий бунёдкори бу – ёзувчи ва шоирлардир… Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор, буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – миллат яшайди».

«Келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ. Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар қилиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим».

«Биздан озод ва обод Ватан қолсин».

«Мустақиллигимиз абадий бўлсин!»

«Бугунги кунда бизнинг қилаётган барча ишларимиз фарзандларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилмоқда. Лекин бахту саодат фақат бойлик, молу мулк билан белгиланмайди. Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, имон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир».

«Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир».

«Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу – миллатнинг руҳидир».

«Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ  “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур” деган ҳаққоний фикрлар билан Туркистон аҳлининг онгу шуурини уйғотишга даъват этгани бежиз эмас, албатта. Бу сўзларнинг қанчалик ҳақиқат эканини бугунги юксак тафаккур ва технологиялар замони ҳам исботламоқда».

«Маънавият ва иқтисодиёт соҳасининг минглаб ҳаётий масалалар, таъбир жоиз бўлса, жонли ришталар орқали ўзаро чамбарчас боғланиб кетганини инобатга олиб, халқимизнинг руҳияти, турмуш тарзи, қадимий урф-одат ва анъаналаримизга ҳар томонлама мос бўлган ислоҳотлар йўлини танладик».

«Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир».

«Ер юзидаги барча ўлмас обидалар, инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган жамики улуғ кашфиёт ва ихтиролар, мумтоз санъат ва адабиёт дурдоналари, мардлик ва қаҳрамонлик намуналари одамзоднинг ақл-тафаккури, салоҳияти ва маънавий жасорати маҳсулидир. Шунинг учун ҳам бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима, деган саволга, ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат бу – маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз».

«Халқ – бамисоли улуғ ва шарафли йўлдан илгарилаб бораётган улкан карвон. Уни йўлдан чалғитишга уринувчилар, пайт пойлаб орқасидан ҳамла қилувчилар ҳамиша бўлган, бундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Карвон бехатар бўлмас, деган гап бежиз айтилмаган. Аммо халқ карвонини ҳеч қандай куч ортга қайтаролмайди. Нега деганда, халқнинг қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч – маънавият бор».

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.