Фонд имени Ислама Каримова

Поэзия

МАНГУЛИК

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига

Бир хабар тарқалди,
Ярим тун эди,
Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.

Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.

Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки -€“ чегараси бор.

Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.

Биз — ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.

Биз — ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.

Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.

Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.

Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.

АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

***

Юрагимнинг кўзёшлари тинмай қолди, 
Умрим на тун, кундузлигин билмай қолдим,
Уйгинангда тўй бўляпти, тур, Бобожон, 
Сенсиз дилга хуррамлик ҳам сиғмай қолди…
Кўзларингни оч, Бобожон, оламга боқ — 
Осмон қадар кўтарилган Сенинг байроқ! 

Қара, сени кутаяпти ёрқин ҳаёт — 
Давлатингга ўзинг бош бўл, топиб сабот!
Атроф тўла — дуойингга очиқ кафтлар, 
Сиҳатингни кутаётган янги авлод!
Улар ҳалол меҳнатингнинг ҳосиллари,
Улар билан давом этгин мақсад сари!

Ғийбатларга йўл қолдирма, элнинг беги!
Ўзбек ҳали минг йил яшар, ўлмас, дегин!
Тилларини тишлаб қолсин, думин қисиб,
Мум тишласин ҳаракат-у озодлиги!
Ўрнингдан тур, қаддингни тут, тур, Бобожон!
Бизлар каби соғ-навқирон юр, Бобожон!

Фисқ-у фасод тарқатмасин кас-алдоқчи,
Соғай, Бобо, истиқлолга ўзинг соқчи!
Сен келтирган эрк шукҳидан нурманд қизинг — 
Ўзбек номин дунёларга кўрсатмоқчи!
Бизлар билан олға-олға юргин, Бобо!
Ёруғ олам тургунича тургин, Бобо!

Ё, Худойим! 
Асра уни юрти учун!
Ёмон қолиб, дардни унга бердинг нечун?
Милён-милён фарзандига қайтар уни — 
Уйимизда тўй бўляпти ахир бугун! 
Ўзинг билгувчисан, Аллоҳ, шафқат қилгин, 
Унга минг йил умр бериб, Давлат қилгин!

Бир-ярим кун хаста бўлар тирик жонмиз,
Уни севдинг — биз қулларинг тинч-омонмиз…
Ҳурлигимиз байроғини тутқизганинг —
Ислом Бобо борки, биз ҳам қаҳрамонмиз!
Бутун дунё ҳавас қилган юрт қил яна,
Юртбошимиз тўрт мучасин бут қил яна!

Ўтинаман, ёлвораман, Парвардигор,
Менинг бори умрим унга бериб юбор!
Унга умр керак, мен-чи — бир пул, 
Унинг тугамаган буюк ишлари бор!
Мағфират қил ва шафқат қил, Яратганим,
Яна минг йил юртбош бўлсин Бобом маним!

***

Кўзимда ёш қолмади-ку йиғлайвериб, Бобожон,
Айтар сўзим қолмади-ку айтавериб, Бобожон.
Юртимизни етим қилиб қайга кетдиз, Бобожон,
Машҳаргаму қолди энди дийдорингиз, Бобожон.

Отдан энди ман тушдим, дедингизму, Бобожон,
Марра энди сизларга, дедингизму, Бобожон.
Юрагимга қил сиғмас, қайга кетдиз, Бобожон,
Машҳаргаму қолди энди дийдорингиз, Бобожон.

Кетингиздан қолди-ку шунча ўғил-қизингиз,
Сизнинг иссиқ тафтингиз қайдан олар, Бобожон.
Нурли чеҳра, кулгун юзга интизормиз, Бобожон,
Машҳаргаму қолди энди дийдорингиз, Бобожон.

Сиз йўғизга осмон ҳам хумрайволган, Бобожон,
Майин шабодалар ҳам беркинволган, Бобожон.
Бутун ҳалқиз йиғлади, сиз кетдизму Бобожон,
Машҳаргаму қолди энди дийдорингиз, Бобожон.

Элим дедиз, юртим дедиз, халқим дедиз, Бобожон,
Қайғурмадиз ўзиз учун бир сония, Бобожон.
Халқингизга умрингизни фидо қилиб, Бобожон,
Сиз ҳеч нарса сўрамадиз ўзингизга, Бобожон.

Иншаоллоҳ кўришамиз биз сиз билан, Бобожон,
Жаннатларда бирга суҳбат қуражакмиз, Бобожон.
Сизни бир бор кўрмоқ учун кўзлар муштоқ, Бобожон,
Машҳаргаму қолди энди дийдорингиз, Бобожон.

Биз сизни доим юрагимизда сақлаймиз, Бобожон,
Фарзандларим сизга ўхшаб юрсин энди, Бобожон.

Дилм Анварзода

***

Қуёшлар нур тўкиб турар ҳали-да,
Ойнинг ғамзалари кўп кўҳна, қадим,
Сиз кулиб кетдингиз кетар галида,
Мен эса ўзимни овутолмадим…
Хуфтон булутларга чўмиб минорлар,
Меъморнинг видоси зилдай оғир-да,
Қўл силкиб қолдилар — хушқад бинолар,
Равон йўлларингиз элтди охирга…
Четда таълим олар ўғлингиз қайтди —
Сўнг йўлга чиқди-ку, падарим, дея.
Бари дардларини қизингиз айтди —
Тўй куни шумиди кадарим, дея?
Сизнинг сафарингиз кўп буюк бўлди,
Келмоқ борки — кетмоқ тайин дунёда.
Ватанпарварликнинг чеки ҳам шулдир —
Қўллаб турибсизки Арши Аълодан!
Тенгсиз жой эгаллаб халқнинг қалбида,
Сўнг кетар бўлдингиз — кўзлар тўла ёш.
Лек, қуёш нур тўкиб турар ҳали-да —
Мусаффо осмонга Сиз чизган қуёш…
Ҳеч қачон қудрати сўнмаган каби —
Ботгач, эрта қайтар саломин айтиб!
Фақат, кетар онда видолашмади,
Демакки, қуёшдек келгайсиз қайтиб!
Кун ўтди,
Қайғунинг сурони тинди,
Халқ янги курашга ташлади одим.
Бутун Ер овунди, Само овунди,
Мен ҳамон ўзимни овутолмадим…

Алия Темурийзода

***