Ислом Каримов Фонди

Bobur Ismailov

Буюк рассомларнинг издоши бўлган Бобур Исмоилов ўз асарларида фақатгина миллий тасвирий санъатнинг маълум шаклларини ишлатибгина қолмай, балки севги, тақдир ҳамда ҳаётнинг йўли ва мазмунига оид ўз чуқур фалсафасини ифодалаган ҳолда ўзбек миллий тасвирий санъатининг ўзига хос замонавий талқинига беҳисоб ҳиссасини қўшган. Тошкентдаги кўплаб ресторан лойиҳалари Бобур Исмоилов номи билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳеч кимга сир эмаски, юртимизда биринчилардан бўлиб миллий услубдаги дизайнга эга бўлган Каравон ресторанидаги безак ишлари ҳам Бобур Исмоилов қаламига мансубдир. Бобур Исмоилов ҳаёти давомида кўплаб, нафақат Ўзбекистон, балки унинг ташқарисидаги лойиҳаларда ҳам иштирок этган.

Бобур Исмоилов янги асарларни яратишдаги қувонч ва бахтнинг ўрнини унинг учун ҳеч нарса боса олмайди. У ўзи яратган ажойиб оламга бутун борлиғи билан берилиб кетиб, ўз ортидан унинг санъатини ардоқловчи мухлисларини ҳам етаклайди. Унинг асарлари ўзи туғилиб ўсган юрти, унинг манзаралари ва инсонларига бўлган меҳр -муҳаббат билан тўйингандир.

Манзаралар ва инсонлар, қиёфалар ва ранглар – буларнинг барчаси ёрқин фикрлар кетма-кетлигини бирлаштириб, рассомнинг асарларида ўз ифодасини топган.

“Мен нусхага асосланган ҳолда расм солмайман ва воқейликдан нусха олмайман. Расмнинг яратилиши мен учун фикр материализациясига қараганда чуқурроқ ва мазмунлироқ жараёндир. Рассомчиликдаги махсус газлама – бу мисли саҳна бўлиб, унга туширилган асарлар худди спектакль жараёни каби доимо кишини ўзига жалб этади. Менинг хаёлий қаҳрамоним ва унинг олами – бу менинг тасаввурим безакларидир. Ҳар бир тугалланган асаримда қандайдир бир тугалланмаган фикр бордек. Ҳар бир асар мен учун ниҳоясига етмаган спектакль мисолидир,” – дейди Бобур Исмоилов.