Ислом Каримов Фонди

Мағоки-Аттори масжиди

Мағоки-Аттори масжиди Бухоро марказидаги Лаби Ховуз ансамбли ёнида жойлашган қадимий масжидлардан бўлиб, меъморчилик санъатининг мукаммал наъмуналаридан бири саналади. Асрлар давомида маданий қатламлар йиғилгани сайин масжид атрофидаги ер сатҳи кўтарилиб бораверган. Бунинг натижасида, бугунги кунга келиб масжид шаҳар сатҳидан 6 метр пастликда жойлашган.

Илгари масжид биносида Ой (Мох) оташпарастлар ибодатхонаси бўлган. Кейинчалик, араблар истилосидан сўнг (VII аср) унинг ўрнида илк масжидлардан бирига асос солинган. Ўша пайтда ҳам масжид маданий қатламлар ўсгани натижасида ярмигача  кўмилган. Шу сабабли унга “Мағоқ” (“чуқурликда”) ҳамда аттор бозори яқинида жойлашгани сабабли “аттори”, яъни “Мағоки аттори” номи берилган.

Мазкур масжид билан боғлиқ афсоналардан бирида, Бухородаги илк синагога пайдо бўлгунга қадар ушбу масжидда мусулмонлар билан бирга, лекин бинонинг бошқа-бошқа тарафларида яҳудийларнинг ҳам ибодат қилгани айтилади. Бошқа бир афсонага кўра эса, яҳудийлар масжидга мусулмонлардан сўнг ибодат қилиб кетганлиги маълум қилинади.

Шарқ меъморчилигининг турли анъаналарини ўзида мужассам этган ушбу меъморий обида, тарихий манбаъларга кўра, XII, XVI ва XX асрларда қайта таъмирланган. Бугунги кунда унинг биносида 1991 йилда очилган гиламлар музейи ўрин олган.

Мағоки-аттори масжиди ЮНЕСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган.