Ислом Каримов Фонди

Луқмон Бўрихоннинг “Олов тутган одам” китоби тақдимоти

Тошкентда ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Олов тутган одам” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур бадиий асарда Ислом Каримовнинг 1986-1989 йилларда Қашқадарё вилоятидаги раҳбарлик даври, “ўзбек иши”, “пахта иши” деб аталган кампания авж олган йилларда республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазият, миллий мустақиллик ғоясининг туғилиши, шунингдек, Ислом Каримов Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинлангунга қадар рўй берган, ҳам Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти учун, ҳам бутун мамлакат учун ҳал қилувчи аҳамият касб этган воқеалар қаламга олинган.

“Маълумки, ўтган асрнинг 80-90-йилларида собиқ Иттифоқ ўз умрининг ўта танг, таҳликали даврини бошидан кечирарди. Бу нохуш ҳолни ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча тармоқларида кузатиш мумкин эди. Бир сўз билан айтганда, улкан империя парчаланиш арафасида эди. Ўша машъум йиллар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси бошига оғир, азобли ташвишлар олиб келди. Халқимизга маломат тошлари отилди. Ўзбекистонда порахўрлик, кўзбўямачилик, хиёнат, боқимандалик каби қатор жиноятлар илдиз отган деган баҳона остида Марказ томонидан бу ерга гуруҳ-гуруҳ “адолатпеша амалдорлар”, тафтишчилар, терговчилар юборилди. “Ўзбек иши”, “пахта иши” деган ҳақоратомуз иборалар пайдо бўлди. Оқибатда, юзлаб, минглаб юртдошларимиз ноҳақдан-ноҳақ қамоққа ташланди, қувғин қилинди. Эл-улусда тушкунлик, ишончсизлик, умидсизлик кайфияти устувор эди. Луқмон Бўрихоннинг “Олов тутган одам” романида худди шу давр, худди шу ижтимоий ҳолат маҳорат билан очиб берилган.

Ёзувчи Луқмон Бўрихон Ислом Каримов сиймосини бадиий адабиётга олиб кираркан, одатда, шу тоифадаги асарларда кўп учрайдиган баландпарвозликдан қочади. Ёзувчи бош қаҳрамоннинг сиёсий-ижтимоий портретини бўрттириб кўрсатишдан кўра унинг инсонийлик қиёфасини чизишга, одамийлик фазилатларини тасвирлашга ҳаракат қилади. Романда Ислом Каримов юрт қисмати билан боғлиқ залварли юкни елкасига олган улкан шахс, салоҳиятли раҳбар тимсолида кўриниши баробарида унинг ҳамдардликка, дилкашликка мойил инсон эканига гувоҳ бўламиз”, – дея роман ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди атоқли адабиётшунос олим, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев.

“Қашқадарё вилоятидаги фаолият Ислом Каримовнинг салоҳиятли раҳбар, етук сиёсатчи бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. Ислом Абдуғаниевич оддий халқ орасида, таъбир жоиз бўлса, тиғиз воқеалар гирдобида қолди. Ўша даврнинг муҳтожлик, зулм-зўравонлик ва мушкулотларини қалбан ҳис этди. Вилоятни қолоқлик ва қашшоқлик ботқоғидан қутқариш учун астойдил ҳаракат қилди. Ислом Абдуғаниевич томонидан халқнинг миллий ўзлигини тиклаш, мустақил Ўзбекистон пойдеворини бунёд этиш йўлидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар айнан Қашқадарёда бошланган, десак янглишмаган бўламиз. Мен “Олов тутган одам” романимнинг дастлабки қисмида айни шу жараённи ёритишга ҳаракат қилдим”, – дейди роман муаллифи Луқмон Бўрихон.

Муаллиф китобни ёзишда турли тарихий манбалар ҳамда қаламга олинган воқеаларни ўз кўзи билан кўрган қашқадарёликларнинг шоҳидликларига таянган.

Китоб сентябрь ойи ўрталарида “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва Book.uz дўконларида сотувга чиқади. Янги китоб, шунингдек, мамлакатимиз кутубхоналари ва олий ўқув юртларига тақдим этилади.

Каримов Фонди шафелигида Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини кенг тарғиб этиш мақсадида қатор дастурлар амалга татбиқ этилмоқда. Фонд ўзбек адабиётини халқаро майдонда оммалаштиришга қаратилган ноширлик фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Сўнгги уч йилда Фонд томонидан 12 та ноширлик лойиҳаси амалга оширилди.