Ислом Каримов Фонди

Даврон Тошев асарлари каталоги

Ислом Каримов номидаги Фонд Бухоро миниатюра мактабининг ёрқин вакили Даврон Тошев асарлари каталогини тайёрламоқда. Тўплам 2017 йил ноябрда мусаввир ижодига бағишланган кўргазмада тақдим этилади. Расмлар ва уларнинг батафсил шарҳи жамланган тўплам Даврон Тошевнинг ижод йўли ҳақида ҳикоя қилиб, мусаввирнинг замонавий ўзбек миниатюра санъатига қўшган муносиб ҳиссасини кўрсатиб беради. 

Тўпламга кирган асарларда муаллиф ўрта асрлар Бухоро мусаввирлари услуби, бадиий ўзига хосликларини ҳамда салафлари санъат намуналарига сингдирган фалсафани англашга ва идрок этишга уринади. Мусаввир мўйқаламига мансуб миниатюралар – у ушбу вазифани қойилмақом уддалагани ҳамда узилган тарихий риштани қайта боғлагани исботидир.

Даврон Тошев асарлари хорижлик тасвирий санъат муҳибларида катта қизиқиш уйғотмоқда. У чизган расмлар Париж, Марсель, Женева, Москва, Санкт-Петербург ва бошқа йирик шаҳарлардаги кўргазмаларда намойиш этилган.

Бугунги кунда маҳорати эътироф этилган ўзбек миниатюра усталари орасида бухоролик рассом Даврон Тошевнинг алоҳида ўрни бор. Рассом машҳур салафлари миниатюралари нусхасини чизар экан, гўзаллик ва мукаммаллик оламига кириб боради, тафаккур уммони тубига шўнғийди.

Даврон Тошев болалик кезлариданоқ рассомликка ошуфта. У ўз асарларини фақат қўл иши маҳсули бўлган ноёб Самарқанд қоғозига чизади ва мудом табиий бўёқлардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Миниатюра – ўта нозик ва се рзаҳмат санъат. Мусаввир махсус лупа ёрдамида чизади, ҳар бир асари устида ойлаб, йиллаб ишлайди. Масалан, бир миниатюрасини оз эмас, етти йил давомида чизган.  Мусаввирнинг расмларини Шарқ мумтоз лирикасидан олинган илҳом маҳсули дейиш мумкин. Негаки, ижодкорга асарлар сюжетини айнан адабиёт туҳфа этади. Рассом Бухоро миниатюра мактабининг унутилган анъаналарини тиклашни ижодий маслаги деб билади. 

Ислом Каримов номидаги фонд – мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган хайрия ташкилотидир. Фонд ўз фаолиятида замонавий миллий санъат мактабларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга, шунингдек, Ўзбекистонда ва хорижда кўргазма ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратади.