Ислом Каримов Фонди

Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланади

СССР Олий суди ҳарбий ҳайъатининг 1938 йил 4 октябрдан 16 октябрга қадар давом этган мажлисларида 507 нафар ўзбекистонлик маҳбус устидан ҳукм ўқилди. Хусусан, 4 октябрь куни улуғ адиблар Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, биринчи ўзбек кинорежиссёри ва фотографи Худойберган Девонов, фольклоршунос олим ва публицист Ғози Олим Юнус, адабиётшунослар Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошим отувга ҳукм қилинди. Ўлим ҳукми шошилинч равишда ижро этилди.

Ватанимиз тарихидаги энг қайғули ҳодисалардан бири – Сталин қатағонлари даврида ўзбек халқининг асл ўғлонлари, жадидчилик ҳаракатининг таниқли вакиллари, эрксевар шоир-ёзувчилар, миллатпарвар давлат арбоблари, пешқадам олимлар йўқ қилинди.

Юртни мустамлака кишани ҳамда асрий қолоқликдан озод этиш, мазлум халқ қалбига маърифат зиёси ва эрк туйғусини сингдиришдек улуғ мақсадларни кўзлаган маърифатпарвар боболаримизнинг бебаҳо мероси Мустақилликдан кейин қайта тикланди.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов миллий ўзликни англаш, маънавий-маданий меросни қайта тиклашга истиқлолнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасида эътибор қаратди. Жумладан, шўро қатағони қурбони бўлган эрксевар зотларга қўйилган сохта айбловлар олиб ташланиб, уларнинг пок номи қайта тикланди. Ярим аср давомида темир сандиқларда сақланган китоблар яна ёруғ дунё юзини кўрди.

Собиқ тузум даврида халқимизнинг маърифатпарвар ўғлонлари ном-нишонсиз кўмиб ташланган Тошкентнинг Бўзсув соҳилидаги қаровсиз жой Биринчи Президентимиз раҳнамолигида обод зиёратгоҳга айлантирилди. Бу ерда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ташкил қилинди. 31 августни Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаш эзгу анъанага айланди.