Ислом Каримов Фонди

Бобур Исмоиловнинг «Нарративлар» номли ижодий кўргазмаси

Ибодатхона қалб аллегорияси сифатида, Амазонка сиймоси ҳимоячи она ва эркинлик рамзи, тасаввуф анъаналаридан намуналар, сюрреалистик сюжетлар – таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоиловнинг янги ижодий асарларини ўз кўзингиз билан кўрган афзал. 

Каримов Фонди янги кўргазма лойиҳаси – Бобур Исмоилов ижодига бағишланган «Нарративлар» номли кўргазмани тақдим этади. Тасвирий санъат шинавандалари 10–30 декабрь кунлари Тошкент фотосуратлар уйида рассом ижоди билан танишишлари мумкин. Кўргазмада Бобур Исмоилов томонидан яратилган 50дан ошиқ асарлар намойиш этилмоқда. 

Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатининг ёрқин намояндаларидан бири бўлмиш Бобур Исмоилов инсон қалб дунёсининг қирраларини очиб берувчи фалсафий асарларни яратган мусаввирдир. 

Унинг ҳар бир асарини спектакль саҳнаси ёҳуд оқ-қора кино лавҳасига қиёслаш мумкин. Бадиий тасвирларнинг айнан ҳикоя услубига мансублиги кўргазма мавзусини белгилаб берди. “Нарратив” сўзи (лотинча narrare – сўзлаб бериш, ҳикоя қилиш) адабий термин бўлиб, сўз ёрдамида ифода этиш маъносини англатади. Тасвирий санъатда нарратив сўзи визуал образлар ёрдамида ҳикоя қилиш демакдир. 

Кўргазмада намойиш этилган “нарративлар”нинг ифодали ҳикоялари муайян сюжет билан эмас, балки ягона услуб билан ўзаро боғлиқ. Уларни оқ-қора услубда ишланганлиги, деталлар ва композицияларнинг мўл эмаслиги бирлаштиради. Бу эса, ўз навбатида, эътиборни асардаги асосий деталга қаратиб, аниқ ва ифодали жиҳатларни илғай олиш имконини беради. 

Бобур Исмоилов ижодига бағишланган кўргазмалар АҚШ, Буюк Британия, Россия ва Францияда ўтказилган. 

Кўргазма 10–30 декабрь кунлари Тошкент фотосуратлар уйида бўлиб ўтмоқда. Манзил: Тошкент ш., Истиқбол кўчаси, 4 уй. Иш вақти ҳар куни, соат 10.00дан – 17.00гача (душанбадан ташқари).

Ўзбек замонавий тасвирий санъат мактабини тараққий эттириш мақсадида Каримов Фонди ўзбек санъат усталари томонидан яратилган асарлар кўргазмаларини Ўзбекистон ва чет давлатларида ташкил этишни ўз вазифаларидан бири қилиб белгилаган.

Бизнинг Telegram-каналимизга обуна бўлинг ва Каримов Фондининг барча янгиликлари ва лойиҳалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлинг: t.me/karimovfoundation