Ислом Каримов Фонди

Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан Ўзбекистон миллий кутубхонасига “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” номли китоб-альбоми топширилди

Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан Ўзбекистон миллий кутубхонасига Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 80-йиллигига бағишлаб чоп этилган “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” номли китоб-альбоми ҳамда “Мерос ва ҳозирги замон” номли журнал-бюллетенининг биринчи сони топширилди.
Мазкур нашрларда давлат, сиёсат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ҳамда санъат намояндалари, турли ёш ва касбу кордаги ватандошлар, шунингдек, Биринчи Президент билан узоқ йилларёнма-ён фаолият юритган инсонларнинг дил сўзлари тўпланган. Сирасини айтганда, Ислом Каримов билан боғлиқ унутилмас воқеалар, ҳаётий ҳикоялар ва самимий ёдномалар жамланган. Альбомдаги фотосуратларнинг аксарияти илк маротаба кенг омма эътиборига ҳавола этилган. 
Мустақил Ўзбекистон давлати асосчисининг серқирра шахсияти ва фаолияти келгусида албатта яна тадқиқот этилади. Вақтлар ўтгачгина Биринчи Президентнинг суверен мамлакат келажагига қўшган тарихий ҳиссаси кўламини тўла англаш мумкин бўлади. 
Китоб топшириш расмий маросимида Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ислом Каримов номидаги Фонд ҳамда Ёдгорлик мажмуаси ходимлари, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Ёшлар иттифоқи вакиллари, шунингдек, ёзувчи, шоирлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.