Ислом Каримов Фонди

Каримов Фондининг 2017 йилги стипендиати – Алим Фейзуллаев

Каримов Фонди таълим грантларининг 2017 йилги ғолиби Алим Фейзуллаев Германияда ўқишни муваффақиятли тамомлаб Ўзбекистонга қайтиб келди. Анхалт амалий фанлар университетида “меъморий мерос” йўналиши бўйича магистратура дастурини битиргандан сўнг, Алим ватанимизга қайтди ва ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида жойлашган Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтида ишламоқда. Мазкур ташкилотнинг фаолияти Марказий Осиё илм-фани, маданияти ва тарихи масалаларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Алим Фейзуллаев: “Германиядаги ўқиш ҳозирги иш фаолиятимда катта мадад бўлди. Олинган амалий тажриба ва билимлар, Европа Иттифоқи мамлкакатларининг маданий меросни асраб-авайлаш, бошқариш ва тарғиб қилиш бўйича ёндашувлари ва усуллари билан танишиш имконияти менга Ўзбекистондаги муаммоларга ўзгача қарашга ёрдам берди. Фурсатдан фойдаланиб, Каримов Фондининг ходимларига доимий ёрдам ва кўмак учун миннатдорчилик билдирмоқчиман”.

Каримов Фондининг таълим грантлари 2016 йилда Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган. Сўнгги 4 йил мобайнида, Каримов Фонди томонидан 36 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконияти берилди.