Ислом Каримов Фонди

Каримов Фондининг чет элда ўқиш учун грант танловининг навбатдаги саралаш босқичи ниҳоясига етди

Каримов Фондининг чет элда ўқиш учун грант танловининг навбатдаги саралаш босқичи ниҳоясига етди. 2 декабрь куни В.М.Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг Тошкентдаги филиалида номзодларнинг маънавий ва психологик ҳислатларини аниқлаш мақсадида суҳбатлар бўлиб ўтди.

Танлов натижасида, Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан 18 нафар қатнашчи якуний босқич, яъни IELTS имтиҳонига ўтдилар. Имтиҳон 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида Британия кенгашида бўлиб ўтади.

Каримов Фонди грантлар танловининг якуний босқичи натижаларига кўра, Ўзбекистонлик иқтидорли йигит ва қизлар Европанинг пешқадам олийгоҳлари магистратура босқичида таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар.

Каримов Фонди 2016 йил октябрь ойида мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Лола Каримова-Тилляева ва Татьяна Каримова томонидан таъсис этилган. Иқтидорли ёшларни чет элнинг пешқадам олийгоҳларида таҳсил олиши учун грант дастурларини амалга ошириш Фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан ўрин олган.