Ислом Каримов Фонди

Каримов Фондининг грантлар танловининг учинчи ва тўртинчи саралаш босқичлари

26 ва 28 ноябрь кунлари Каримов Фондининг хорижда таҳсил учун грантлар танловининг учинчи ва тўртинчи саралаш босқичлари бўлиб ўтди.

Танловнинг учинчи босқичида номзодлар Ўзбекистон олий ўқув юртлари профессор ва ўқитувчилари билан суҳбатдан ўтдилар.

Кейинги босқич қатнашчиларнинг маънавий ва психологик ҳислатларини аниқлашга қаратилган тестлардан иборат бўлди. Тестлар В.М.Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг Тошкентдаги филиалининг малакали психологлари томонидан тузилган.

Каримов Фонди грантлар танловининг ғолиблари Европанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича таҳсил олиш имконига эга бўладилар.

Сўнгги уч йил мобайнида Каримов Фондининг ўқув грантларига Ўзбекистонлик 32 нафар йигит ва қизлар эга бўлдилар. Бугунги кунда улар Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида таҳсил олиб келмоқдалар.