Ислом Каримов Фонди

Каримов Фондининг стипендиати, Рузибоева Гулюзбону билан суҳбат.

Яқинда Гулюзбону Германиядаги Анхалт амалий фанлар университетини тамомлаб, Ўзбекистонга қайтиб келди. Ҳозирги кунда Гулюзбону Анхалт университети ҳамкорлигидаги ҳалқаро таълим дастури доирасида Тошкент архитектура-қурилиш институтида дарс беради. «Ўзбекистонда архитектура соҳаси бўйича таълимни такомиллаштириш ва дунёнинг замонавий стандартларига мослаштириш ниятидаман» – режалари билан ўртоқлашди Гулюзбону.

2018 йилда, Каримов Фондининг таълим гранти соҳиби бўлиб, Гулюзбону «Дессау ҳалқаро архитектура» йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олиш учун Германияга йўл олди. Унинг магистрлик лойиҳаси Ўзбекистонда экологик тоза материаллар ва маҳаллий архитектура услубларидан фойдаланган ҳолда, турар жойларни яратишга бағишланган эди.

Каримов Фондининг таълим грантлари 2016 йилда Лола Тилляева томонидан Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган. Сўнгги 4 йил мобайнида, Каримов Фонди томонидан 36 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Франция, Италия, Швейцария, Буюк Британия, Норвегия, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконияти берилди.