Ислом Каримов Фонди

Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган иншолар танлови натижалари эълон қилинди

Ислом Каримов номидаги Фонднинг Васийлик Кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева Фонднинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида 22 январдан 22 февралга қадар ўтказилган иншолар танлови ғолибларини эълон қилди.

Жами танловда республикамизнинг 74та олий ўқув юртининг 485 нафар талабаси иштирок этди. Иншолар қуйидаги мезонлар асосида текширилди: фикрларнинг равон ва тўғри кетма-кетликда баён этилганлиги, мавзунинг тўлиқ очилганлиги, мавзуга оид фактлар ва мисолларнинг ўринли келтирилганлиги, келтирилган фактлар, мисолларга берилган шахсий фикр-мулоҳазаларнинг ўринлилиги, бошқа иншоларга ўхшамаслиги ва алоҳида ажралиб туриш даражаси, бадиий ёндашувнинг мавжудлиги ва ҳоказо.

Танловга тақдим этилган иншолар ўз соҳасида катта тажрибага эга атоқли тарихчи, сиёсатшунос, ва филолог олимлардан ташкил топган махсус комиссия томонидан таҳлил этилиб баҳоланди. 

Жорий йилнинг январь ойида эълон қилинган мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш, ёш авлоднинг республикамиз янги тарихи хусусидаги ҳамда мамлакатимиз давлат мустақиллигини қарор топтириш, халқаро барқарорликни таъминлаш ва Ватанимизнинг тарихий-маданий меросини қайта тиклашда Ислом Каримовнинг тарихий хизматлари борасидаги билимларини ошириш мақсадида ташкил этилди.

I ўринни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг V-босқич талабаси Акромов Отабек қўлга киритди. У 7 000 000 сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган Apple MacBook Air 13 8/256 GB ноутбуки совриндори бўлди. 

II ўринни Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг V-босқич талабаси Шорустамова Малика эгаллаб, 6 000 000 сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган Apple iРad Pro 10.5 4G 256GB планшети соҳиби бўлди. 

III ўрин Тошкент давлат юридик университетининг IV-босқич талабаси Тошканов Нурбекка берилиб, у 5 000 000 сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган iPhone 8 64 GB смартфони эгасига айланди.

Ижодий ишлари юқори балл тўплаган қуйидаги 7 нафар иштирокчига рағбатлантирувчи совғалар, яъни Фонд логотипи туширилган Kindle букридерлари тақдим этилади. 

1. Хадятуллаев Аббосбек – Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти III-босқич талабаси.
2. Темирова Райхона – Бухоро давлат университети II-босқич талабаси.
3. Назиров Сардор – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти I босқич талабаси.
4. Саидхасилова Азиза – Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти I босқич талабаси.
5. Куртова Екатерина – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, III босқич талабаси.
6. Абдухамидов Лутфилло – Фарғона политехника институти III босқич талабаси.
7. Низомиддинова Чаросхон – Ўзбекистон миллий университети II босқич талабаси.

Ғолибларни тақдирлаш тантанали маросими 3 апрель куни Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтади. 

Каримов Фонди барча ғолибларни табриклайди ва ўқишларида омадлар тилайди. 

Ислом Каримов номидаги Фонд 2016 йилнинг октябрь ойида Лола Каримова-Тилляева ва Татьяна Каримова томонидан Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президентининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган. Таълим соҳасида грант дастурларини амалга ошириш Фонд фаолиятининг муҳим йўналишардан биридир.