Ислом Каримов Фонди

Шу кунларда Каримов Фондининг таълим гранти совриндорлари Тошкентда учрашдилар

Фонд 2017-2018 йилларда Ўзбекистоннинг 23 нафар иқтидорли йигит-қизига Европада магистратура йўналишида таҳсил олиш учун икки йиллик грантларни тақдим этди. 

Каримов Фонди 2016 йил охирида мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Лола Каримова-Тиллаева ва Татьяна Каримова томонидан таъсис этилган. Фонд турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳаларни амалга оширади.Таълим эса ташкилотнинг энг муҳим йўналишларидан бири саналади. Ушбу мақсадда 2017 йилнинг бошида Магистратура бўйича хорижда таълим гранти дастури таъсис этилган. Ҳозирга қадар икки гуруҳ йигит-қизлар стипендиялар ғолиби бўлди.

Грантлар дастуридан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг энг иқтидорли ва истиқболли талабаларига дунёнинг етакчи университетларида магистратура йўналишида таҳсил олишга кўмак кўрсатишдан иборатдир. Ўз навбатида, талаба ёшлар таҳсил давомида ўрганган билиму малакаси ҳамда янги ғояларини истиқболда Ўзбекистон тараққиёти ва равнақига йўналтириши кўзда тутилган.

Каримов Фонди стипендиялари ғолиблари айни пайтда Анҳальт амалий фанлар университети, Бохумдаги Рур университети (Германия), Фрайбург университети (Германия), Дуйсбург-Эссен университети (Германия), Москва меъморчилик мактаби, Турин политехника университети (Италия) каби олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. 

Стипендиялар машинасозлик технологиялари, табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари ва кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, озиқ-овқат технологиялари ва озиқ-овқат хавфсизлиги, архитектура ва саноат дизайни, тасвирий санъат сингари йўналишларда тақдим этилади. 

Ҳар бир стипендиат ўзи танлаган хорижий университетда икки йиллик магистратура босқичида таҳсил олиш имконига эга бўлади. 

Каримов Фонди стипендиатлар билан таҳсил оладиган таълим масканини танлаши борасида ҳамкорликда ишлайди. Шунингдек, Фонд таҳсил даврида ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида грант ғолиблари билан доимий мулоқотда бўлади.