Ислом Каримов Фонди

Каримов Фонди вакиллари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган анъанавий тўқимачилик дастгоҳлари ва тўқувчилик ҳунари технологияларига бағишланган симпозиумда иштирок этдилар

Дунёда энг катта шойи музейи ҳисобланмиш Хитой миллий шойи музейида Симпозиум доирасида «A World of Looms: Weaving Technology and Textile Arts in China and Beyond» кўргазмаси бўлиб ўтди, унда дунёнинг турли давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг тўқимачилик дастгоҳлари ва технологиялари бой маданий мероси намойиш этилди. 

Анжуманда Хитой, Япония, Лаос, Индонезия, АҚШ, Ҳиндистон, Нидерландия, Дания, Франция, Мадагаскар ва Ўзбекистондан ташриф буюрган олим ва мутаҳассислар иштирок этдилар. 

Каримов Фонди вакили – санъатшунос Бинафша Нодир “Ўзбек абр матолари – анъанавий дастгоҳ ва тўқимачилик технологиялари” мавзуида маъруза билан иштирок этди. 

Анжуман доирасида бўлиб ўтган семинарда марғилонлик уста-абрбанд Расул Мирзааҳмедов симпозиум қатнашчилари ва меҳмонлари эътиборига ўзбек абр матоларини яратиш жараёни ва технологияларини намойиш этди. 

Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш, ўзбек халқининг бетакрор маданий мероси – авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳунармандликни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга татбиқ этиш Каримов Фондининг асосий мақсадлари сирасига киради.

2017 йилда Фонд томонидан абрбанди усулидаги тўқувчилик мактабига бағишланган “Ўзбек ипагининг гулгун фасли” деб аталган китоб ўзбек, рус ва инглиз тилларида, шунингдек, Марғилонлик машҳур Мирзааҳмедовлар сулоласининг ижодий меросига бағишланган “Авлодларни боғловчи ришта” номли каталог нашр этилди. 

Ўтган йилнинг ёзида Каримов Фонди томонидан Тошкентда миллий ипакчилик санъатимизни тарғиб этишга бағишланган “Авлодларни боғловчи ришта” номли 18-кунлик кўргазма ташкил этилди. Унда марғилонлик усталарнинг ижодий мероси ҳамда замонавий тажрибаси наъмуналари намойиш этилди. 2017 йилнинг кузида унутилиб бораётган ўзбек читгарлиги санъати мавзуида “Йўқотилган жаннатни излаб…” кўргазма лойиҳаси амалга оширилди. 

Бугунги кунда Тошкент каштачилик санъатини қайта тиклашга йўналтирилган кўргазмани ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Кўргазма мазкур йилнинг кузига режалаштирилган.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.

Recent Posts