«Нажот топган юраклар» – Матхина
Матхина Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида истиқомат қилади. Қизалоқ тўрт ёшгача касалхонадан чиқмай даволанишга тўғри келар эди. Матхина юрак нуқсони билан дунёга келган, шу сабабли у тез-тез шамоллаб, доимо йўталар эди. Ҳаттоки озгина ҳаракат қилганда ҳам чарчаб қолар эди. Қизалоқнинг ҳаётини енгиллаштириш ва соғлиғини яхшилаш учун жарроҳлик амалиёти зарур эди.
2020 йилнинг январь ойида “Sen Yolg’iz Emassan” Фондининг хайрия акцияси доирасида франциялик кардиожарроҳлар Матхинага юрак операциясини амалга оширдилар. Жарроҳликдан деярли бир йил ўтгач, қизалоқнинг аҳволи сезиларли даражада яхшиланди. Энди беш ёшли Матхина бошқа болалар қатори елиб-югуриб, ўйнаб-кулиб улғаймоқда. Келажакда у шифокор бўлиб, кичкинтойларни даволашни орзу қилади.
Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг молиявий кўмаги билан 2015 йилдан бери франциялик кардиожарроҳлар томонидан ўзбекистонлик кам таъминланган оилалар фарзандларига ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига 130 дан зиёд мураккаб юрак операциялари бажарилди, улардан 21 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.