Каримов Фондининг стипендиати Ким Александра
«Грантни қўлга киритиб, Европага ўқишга боришим мен учун жуда ҳаяжонли ва қувончли хабар бўлган эди. Ушбу грант одамни мутлақо янги босқичга олиб чиқади.» – дейди Ким Александра, Каримов Фонди таълим грантининг соҳиби. 2018 йилда Александра Фондимизнинг грантини қўлга киритди ва ҳозирги кунда у Германиянинг Оммавий ахборот воситалари, алоқалар ва иқтисодиёт университетида «коммуникация дизайни» йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олмоқда.
Александранинг дизайн ва графикага бўлган қизиқиши мактаб даврида бошланиб, келажакда унинг севган машғулоти касбий фаолиятга айланди. 2015 йилда К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаб, ушбу даргоҳнинг график дизайнери сифатида иш олиб борди.
Александра: «Мен Каримов Фондига талабаларга шундай бебаҳо ва унутилмас тажриба олиш имкониятини бергани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўз навбатимизда, хорижий тажрибага асосланган ҳолда ўз касбимизнинг янги поғонасига етиб, мамлакатимиз тараққиётига янада кўпроқ ҳисса қўша оламиз.»
Каримов Фондининг таълим грантлари 2016 йилда Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган. Сўнгги 4 йил мобайнида, Каримов Фонди томонидан 36 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконияти берилди.