Тимур Нуритдинов – Каримов Фондининг стипендиати
Тошкент Халқаро Вестминстер Университети битирувчиси, Нуритдинов Тимур 2019 йилда хорижда магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконини берувчи Каримов Фондининг гранти соҳиби бўлди. Ҳозирги кунда у Германияда Оммавий ахборот воситалари, алоқалар ва иқтисодиёт университетининг “оммавий алоқалар ва рақамли маркетинг” йўналишида таълим олмоқда.
Мазкур видеолавҳада, Тимур университет ва талабалик ҳаёти ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашади, профессор Ким Мёрфи эса ўқув дастури, ҳамда ҳалқаро таълим тизими ҳақида батафсил гапириб берадилар.
«Мен пешқадам университетда муносиб таълим олиш имкониятига эга бўлганим учун Каримов Фондига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўқишни тамомлаб, мен оммавий алоқалар соҳасида фаолиятимни давом эттириш ниятидаман, чунки мен ўйлайманки, ушбу соҳа Ўзбекистонда тез ривожланмоқда», – дейди Тимур.
Каримов Фондининг таълим грантлари 2016 йилда Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган. Сўнгги 4 йил мобайнида, Каримов Фонди томонидан 36 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконияти берилди.