Тошкентда Каримов Фонди томонидан суратга олинган “Жадидлар.
Тошкентда Каримов Фонди томонидан суратга олинган “Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири” номли кўп қисмли ҳужжатли фильмининг якуний қисми премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг учинчи қисми тақдимоти Ўзбекистон давлат мустақиллиги асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 87 йиллигига бағишланди.
Фильм Ўзбекистон халқининг озодлик ва мустақиллик учун кураши тарихида алоҳида ўрин тутган жадидлар ижтимоий-сиёсий ва интеллектуал ҳаракати вакиллари ҳақида ҳикоя қилади. Фильм ғояси Лола Тиллаевага тегишли.
Фильмнинг “Мағлубият” деб номланган якуний қисмда жадидчилик ҳаракати сафларидаги бўлинишлар, уларга нисбатан тазйиқлар, кенг кўламли қатағонлар ҳақида сўз боради. Сиёсий партиялар ташкил этилиши, газеталар нашри, театр очилиши, янги адабиётларнинг пайдо бўлиши улар эришган ютуқларнинг бир қисмидир. Бироқ, сиёсий кураш тажрибасининг етишмаслиги жадидларга барча режаларини амалга оширишга имкон бермади. Мақсадларга эришиш усулларини танлаш борасидаги келишмовчилик жадидлар сафининг бўлиниб кетишига олиб келди, улар ҳеч келишувга эриша олмадилар. Аммо уларнинг ҳеч бири ўз иймонини йўқотмади, олий нархни тўлаб бўлсада, ҳаётий тамойилларидан воз кечмади.
– Жадидлар, Ислом Абдуғаниевич таъкидлаганидек, ўт билан ўйнашаётганларини билардилар, уларни қандай тақдир, қандай аянчли қисмат кутиб турганлигини ҳам сезардилар, лекин энг буюк журъат, энг буюк жасорат, энг буюк фидоийлик шунда эдики, улар билиб туриб, ўзларини шу ишга чоғладилар, улар билиб туриб ўзларини шу ишга бағишладилар, – дея айтиб ўтди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо.
Фильмнинг биринчи ва иккинчи қисмларида жадидчилик ҳаракатининг вужудга келиши, Туркистон ўлкасида Россия империяси томонидан мустамлака этилиш даврида миллий ўзликни англаш ғояларининг шаклланиши, биринчи янги усул мактаблари, мактаб таълими, маърифат, таълим ва минтақа ҳаётининг бошқа кўплаб соҳаларини модернизация қилиш ҳақида ҳикоя қилинади. Жадидлар халқларнинг мустақиллик учун курашининг жаҳон тажрибасини, энг яқин қўшнилари ва узоқ хориждаги сиёсий жараёнларни ўрганган ҳолда Туркистон ўлкаси аҳолисининг сиёсий ўзлигини англаши бўйича ўз дастурларини яратдилар. Шу билан бирга, матбуот ва театр фаол ривожланди, жумладан, мураккаб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларни, шунингдек, халқнинг маънавий ўзгаришини, унинг келажаги учун курашга дахлдорлигини тасвирлайдиган ажойиб адабий асарлар яратилди.
XIX–XX асрлар бўсағасида вужудга келган жадидчилик Ўзбекистон халқининг озодлик ва истиқлол ғоялари учун кураши тарихида алоҳида ўрин тутади. Жадидлар миллий онгни тиклаш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ва давлатчилик қуриш, халқнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, унинг тарихий-маънавий қадриятларини асраб-авайлаш ғояларини тарғиб қилганлар. Бу давр Марказий Осиёда ўзига хос интеллектуал тафаккур Уйғониш даври эди.
Бироқ Сталин қатағонлари йилларида жадидчилик ҳаракатининг энг кўзга кўринган намояндаларига “халқ душмани” тамғаси қўйилиб, турли уйдирма айбловлар билан ўлимга ҳукм қилинди.
Президент Ислом Каримов кўп жиҳатдан жадидчилик ҳаракати қарашлари ва ғояларига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг миллий истиқлол мафкурасини ишлаб чиқди. У Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ халқнинг миллий онгини, унинг маънавий, тарихий ва маданий меросини тиклаш стратегиясини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Жадидчилик ҳаракати маърифатпарварлари қаламига мансуб асарлар 60 йил унутилганидан сўнг яна дунё юзини кўрди, уларнинг илмий ва адабий мероси кенг ўрганилди, фаолияти ва қарашлари мактаб ва университетлар ўқув дастурига киритилди.
“Жадидларимизни хотирладикми, бугунги қилаётган ишларимиз ҳам тарих зарварақаларида муҳрланади демакдир. Биз келажак авлодларимиз учун ўрнакмиз. Ўз халқимизга, ўтмишимизга қандай муносабатда бўлсак, эртага фарзандларимиз ҳам бизга худди шундай муносабат билдиради.” – дейди “Жадид” газетасининг адабиёт ва санъат бўлими мудири Гулчеҳра Умарова.
Ушбу фильм Ўзбекистон ва хорижда ўзининг кўплаб муҳлисларига эга бўлишига, жадидлар номи ва ижоди Ўзбекистон ёшлари онгига мустаҳкам кириб боришига катта умид билдирамиз.