Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
Ўзбек ипагининг гулгун фасли - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

Ўзбек ипагининг гулгун фасли

Ислом Каримов номидаги Фонд Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда кўп асрлик тарихга эга абрбанди усулидаги тўқувчилик мактабига бағишланган “Ўзбек ипагининг гулгун фасли” деб аталган китобни нашр этди. 

Тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва француз) чоп этилган китобни миллий ипакчилик хусусидаги мукаммал солнома деб аташ мумкин, унда тўқувчилик анъаналари пайдо бўлишидан замонавий ўзбек абрбанди дурдоналарига қадар – ўтмиш ва бугун ҳақида сўз боради.

Бетакрор ва беназир тўқувчилик анъаналарига эга абрбанди мактаби ўзбек халқининг бебаҳо маданий бойлигидир. У асрлар мобайнида муқаддас омонат ўлароқ авлоддан авлодга етказилмоқда.

Шарқ Уйғониш давридан ҳозирга қадар ўзбек ҳунарманд усталари дунёга фавқулодда гўзаллик ва мукаммаллик намуналарини тақдим этиб келмоқда. Кўҳна анъана ва миллий санъат дея эътироф этилган бу ҳунар турфа халқлар ва тамаддунларнинг тарихий-маданий қадриятларини уйғун этган ҳолда, замон ва макон оша Ипак йўлини давом эттирмоқда. Айтиш жоизки, ўзбек ҳунарманд усталари чинакам миллий маданий мерос саналган ва XXI асрда янги уйғониш ҳамда тараққиёт палласига кирган тўқувчилик анъаналари ва усулларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келмоқдалар.  

Бетакрор санъат саналган миллий тўқувчилик анъаналарини кенг тарғиб этиш мақсадида Фонд 2017 йил 23 июнь – 12 июль кунлари “Авлодларни боғловчи ришта” номли кўргазма ўтказди.

Кўргазма доирасида марғилонлик атоқли усталар сулоласи вакиллари – Расул Мирзааҳмедов ва унинг отаси Турғунбой Мирзааҳмедовнинг беназир санъати намойиш этилди. Бу икки заҳматкаш уста умрини Ўзбекистоннинг кўп асрлик миллий тўқувчилик анъанларини асраш ва ривожлантириш, қўлда тўқиш сирларини тадқиқ этишга бағишлаган.

Отаси – Марғилонда ном чиқарган тўқувчи уста Турғунбой Мирзааҳмедовнинг ҳунарини давом эттираётган Расул Мирзааҳмедов сулоланинг саккизинчи вакилидир. У шунчаки ҳунарпеша эмас. Она Ватани тарихи ва маданиятига меҳр қўйган уста кўҳна ҳунарнинг сир-асрорини кашф этишга интилади. Ижодий изланишлар бесамар кетмади – ҳунарманд абрли нақшларнинг янги турларини ўйлаб топди. Билими, иштиёқи ва кўҳна ҳунарни ижодий бойитишга интилиши боис Р.Мирзааҳмедов мумтоз анъаналар ва замонавийликни маҳорат билан уйғунлаштира олди.  Нисбатан қисқа фурсат ичида у абрбанди матолар учун юздан ортиқ янги нақшу нигорлар ихтиро қилди. Сирасини айтганда, Расул Мирзааҳмедов бугун ушбу қадимий ҳунар анъаналарини бойитмоқда. У кўҳна усул ва таомиллардан, шунингдек, ўзбек мумтоз абрбанди санъати нақшларидан фойдаланиб, янги ипак матоларини яратмоқда. Бу ўринда кўзни яшнатадиган турфа адраслару у қайта тиклаган аъло бахмални эслаш кифоя. Ушбу сулоланинг бошқа бир вакили, отаси Турғунбой Мирзааҳмедов ҳам умрини қўлда тўқиш сирларини кашф этиш, кўп асрлик анъаналарини асраш ва такомиллаштиришга бағишлаган эди.

“Авлодларни боғловчи ришта” кўргазмасида Ўзбекистоннинг турли вилоятлари, пойтахт Тошкент ҳамда хориждан келган кенг томошабинлар қатнашди. Бу каби лойиҳалар ўзбек тўқувчилик ҳунарини тиклаш ва ривожлантириш, халқ усталарининг ижтимоий мақомини ошириш, шунингдек, миллий ва халқаро “арт-бозор”да замонавий абрбанди усталари маҳсулотларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади. Моҳир усталар сулолаларининг саъй-ҳаракати, уларнинг нозик диди ва фасоҳати, шунингдек, мустаҳкам ҳалқа каби боғланган анъаналар барҳаётлиги боис ипак яна юксак эътирофга сазовор бўлмоқда, бадиий қиммат касб этмоқда.

Ислом Каримов номидаги Фонд маданий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш, бой миллий анъаналарга, шунингдек, маданият, адабиёт ва ҳунармандчиликка ҳамда ўзбек халқи ҳақли равишда фахрланадиган бошқа ютуқларга бағишланган манбаларни тайёрлаш ва нашр этишга кўмаклашади.

Yuklab oling