Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
Амир Темур хотирасини қайта тиклашда Ислом Каримовнинг қўшган ҳиссаси - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

Амир Темур хотирасини қайта тиклашда Ислом Каримовнинг қўшган ҳиссаси

Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб кўплаб адабий асарлар, мақолалар ёзилган, фильмлар яратилган.
Буюк саркарда таваллудининг 682 йиллиги нишонланаётган кунларда эътиборингизга Соҳибқирон тимсолини очиб берувчи – ўрта асрлар Европаси уни қандай тасаввур қилгани хусусида сўз юритмоқчимиз.

1404-1405 йилларда Амир Темур саройида Кастилия (замонавий Испания) қироли Энрике III нинг Руи Гонсалес де Клавихо раҳбарлигидаги элчилиги фаолият юритган. Кейинроқ ушбу атоқли испан дипломати ўз китобида Амир Темур салтанатига саёҳати ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилган. Де Клавихода, хусусан, Соҳибқирон давлатининг Европа учун муносиб намуна бўла оладиган муаззам шаҳару муҳташам саройлари унутилмас таассурот қолдирган. 

Бу даврда деярли бутун Европа Амир Темурни Усмонийлар империясининг муқаррар истилосидан қутқариб қолган халоскор деб билган. Европа давлатлари қироллари буюк саркарданинг кўмагига нойил бўлишга интилганлар. Зеро, улар Соҳибқирон сиймосида энг аввало енгилмас қўшинга эга қудратли Шарқ хоқонини кўрганлар. Мозийнинг Руи Гонсалес де Клавихо каби атоқли дипломатлари эса Европа учун Амир Темурнинг мутафаккир ҳукмдор, олиму фозиллар пуштипаноҳи, санъат ҳомийси, гўзалликда Европа шаҳарларини ҳам ортда қолдирган муҳташам сарой ва обидалар бунёдкори сингари янги қирраларини кашф этди.

Шўро замонида Амир Темур бошқарувига оид ёрқин саҳифалар атайин ёдга олинмаган, унинг фаолияти бирёқлама, нохолис тадқиқ этилиб, фақат унинг ҳарбий юришларига урғу берилган. 1991 йили Ўзбекистон мустақил давлатга айлангач, Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан тарихий адолат қарор топиб, Соҳибқироннинг улуғвор сиймоси бор бўй-басти ила намоён бўлди.

1996 йили Биринчи Президентимиз ташаббуси билан, ЮНЕСКО шафелигида буюк саркарда таваллудининг 660 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар ўтказилди. Тошкентда Амир Темур ҳайкали қад ростлади, Темурийлар тарихи давлат музейи барпо этилди, халқаро илмий анжуман ташкил қилинди. Қолаверса, Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Темур тузуклари”, “Зафарнома” каби асарлар, мақолалар ҳамда бошқа нашрлар дунё юзини кўрди. Ҳозирда мамлакатимизда Амир Темур номидаги халқаро хайрия жамғармаси фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари, Амир Темур ордени таъсис этилган.

1996 йили Президент Ислом Каримов расмий ташриф билан, шунингдек, ЮНЕСКО бош қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” ҳафталиги доирасида ташкил этилган илмий анжуман ва кўргазмада иштирок этиш учун Парижга борган эди. Мазкур тадбирлар иштирокчиси, Амир Темур номидаги халқаро хайрия жамғармаси раиси Нозир Ҳабибуллаев ўша воқеаларни шундай хотирлайди:

– Ислом Абдуғаниевич тадбирлар бошланишига бир кун қолганда Франция пойтахтига келдилар. У киши Франция раҳбарияти билан ўтган расмий учрашувлар эртасига кўргазманинг очилиш маросимида қатнашдилар. Кутилмаганда кўргазмага Франция Президенти Жак Ширак ташриф буюрмоқчи экани ҳақида хабар келиб қолди. Буни қарангки, Президент Ширак келган пайтда экскурсоводларни ҳеч қаердан топиб бўлмади. Кейинроқ маълум бўлишича, ҳудудни кутилмаганда ўраб олган француз хавфсизлик хизмати уларни залга киритмаган экан. Ислом Абдуғаниевич бу вазиятдан зудлик билан чиқиш йўлини топдилар ва ўзлари юқори мартабали меҳмонни кўргазма зали бўйлаб олиб юриб, ҳар бир экспонат ҳақида батафсил ҳикоя қилиб бердилар. 
У киши термурийлар даври тарихи ҳақида 40 дақиқа давомида сўзладилар. Жак Ширак Ўзбекистон Президентининг тарих борасидаги чуқур билимига тан берди. Сал кейинроқ Франция етакчиси Амир Темур ва Темурийлар даврига ғоят қизиқиб қолгани, шунингдек, бу каби ҳолатлардан оқилона чиқиб кета олиш учун Ўзбекистон раҳбари каби ўз мамлакати тарихини чуқур ўрганишни кўнглига тукканини эътироф этди.

Бу – Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг шуҳратини халқаро майдонда танитиш йўлидаги дастлабки қадамлар эди.