Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистоннинг миллий Қуролли Кучлари асосчиси
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўз армиясига эга эмас эди. Мамлакат ҳудудида СССРнинг бир неча республикасини қамраб олган Туркистон ҳарбий округининг ҳарбий қисмлари жойлашган эди. Ўша кезлар жанговар бўлинмалар – бир республикада, қўшин таъминоти ва омборлар эса бошқасида жойлашган бўлар эди. Бошқача айтганда, бир республика ҳудудида яхлит ҳарбий тузилма мавжуд эмас эди.
Мамлакатимизнинг ён-атрофида, хусусан, Тожикистон ва Афғонистонда рўй бераётган хавотирли жараёнлар Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини таъминлаш масалаларини ҳал этиш борасида шошилинч чоралар кўришни талаб этар эди.
Шу боис, 1991 йил охирида бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонганидан кейиноқ Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг миллий Қуролли Кучларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Олий Кенгашнинг 1992 йил 14 январда ўтган сессиясида Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча қуруқликдаги қўшинлар қисмларини республика юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Эртанги кун ҳақида қайғурадиган чинакам етакчи сифатида Президент Каримов 1992 йил 7 февраль куни Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги барча кўчар ҳамда кўчмас мулклар хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш жараёнига жалб этилмаслиги тўғрисида буйруқ берди. Айни шу фармон билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қурол-аслаҳа, техника ва асбоб-ускуналарни олиб чиқиб кетиш ҳам тақиқланди.
Ушбу дадил чора-тадбирлар туфайли мамлакатимиз ҳарбий-транспорт авиацияси, жумладан, ҳозирга қадар сафда бўлган айрим самолётлар сақлаб қолинди.
Қайд этиш жоизки, собиқ СССР республикалари орасида ўн йиллар давомида шаклланган хўжалик алоқалари узилиши оқибатида истиқлол тонгида Ўзбекистонда жуда мураккаб иқтисодий ҳолат вужудга келган эди. Республикамизнинг географик жойлашуви эса вазиятни янада мушкуллаштирган эди (на тараққий этган мамлакатларга, на денгиз портларига эркин чиқиш йўли мавжуд эди, бунинг учун камида икки давлат чегарасини кесиб ўтиш талаб этилар эди).
Иқтисодиёт инқироз ёқасига келиб қолган, ёш давлат мураккаб тарихий даврни бошдан кечирар эди. Мустақиллик эълон қилинганидан кўп ўтмай Президент Каримовга мамлакатда атиги 7-10 кунга етадиган дон-дун қолгани ва очарчилик ҳавфи келиб чиқиши мумкунлиги борасида маълум қилинади. Ислом Каримов донни шошилинч равишда бошқа мамлакатлардан келтириш борасида буйрук беради. Масала долзарб экани ва уни жуда тез муддатда ҳал этиш лозим бўлгани сабаб, биринчи босқичда бу вазифа Каримовнинг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли сақлаб қолинган ҳарбий-транспорт авиацияси самолётлари томонидан муваффақиятли бажарилади. Кейинроқ эса мамлакатга темирйўл транспорти орқали барқарор тарзда озиқ-овқат келтириш йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ва Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилган кейинги ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз Қуролли Кучлари дунёда мудофаа салоҳияти борасида кучлилардан бирига айланди; нафақат Марказий Осиёнинг аҳолиси энг зич давлатида, балки бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашда муҳим роль ўйнади.
Ҳозирда ҳарбий салоҳият бўйича бутунжаҳон индексида (Global Firepower Index) Ўзбекистон Қуролли Кучлари 128 мамлакат орасида 39-ўринни эгаллаб турибди. Собиқ совет давлатлари орасида эса мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий салоҳият бўйича Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринда қайд этилган.