Шарқ Ренессанси олимлари
IX –XII асрлар тарихшунослар томонидан кўпинча Шарқ уйғониш даври, яъни Шарқ Ренессанси деб аталади. Ушбу даврда Марказий Осиё минтақасида яшаб ижод қилган олим ва мутафаккирлар кўпгина соҳалар ва фанлар, шу жумладан, физика, кимё, математика, фалакиёт, география, тиббиёт ва қишлоқ хўжалигининг ривожланишига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшганлар.
Ана шундай даврнинг ёрқин намоёндаларидан бири буюк қомусий олим Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийдир. Ал-Хоразмий (780 – 850) бизнинг юртимизда таваллуд топган. Ҳинд-араб саноқ тизимини жорий этиш ҳамда нол рақамини ҳисобга киритиш борасида Хоразмийнинг ўрни катта бўлган. Олим алгебра фанининг асосчиси сифатида илм дунёсида шуҳрат қозонган. Хоразмийнинг шарофати билан математикани ўрганишда алгебраик тушунчалар кенг қўлланила бошлаган. Унинг қаламига мансуб “Китоб мухтасар мин хисоб ал-жабр вал-муқобала” (“Ал-жабр вал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб”) китобидан “алгебра” атамаси келиб чиққан бўлиб, “алгоритм” сўзи эса олим исмининг лотин тилидаги талаффузидан олинган.
Буюк энциклопедист олим Абу Райҳон Муҳамммад ибн Аҳмад Беруний (973 – 1048) ҳам бизнинг ватандошимиз бўлиб, у кўпгина соҳаларда изланишлар олиб борган. Беруний биринчи бўлиб Европа ва Осиё қитъалари ташқарисида яна бошқа бир номаълум қитъа бор деган тахминни илгари сурган олимдир. У ер айланаси узунлигини жуда катта аниқлик билан ўлчаб, унинг ҳисоби замонавий олимларнинг ҳисобидан атиги 200 мильча (300 км) фарқ қилган. Ўн аср аввал яшаган инсон учун буни ҳақиқатдан ҳам ҳайратланарли ютуқ десак муболаға бўлмайди.
Атоқли олим ва файласуф Абу Али ибн Сино (980 – 1037) Бухоро шаҳрида дунёга келган. Ибн Сино Ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур бўлган ҳамда Гиппократдан сўнг энг катта номи чиққан шифокор ҳисобланган. Унинг табобат бўйича “Тиб қонунлари” асари лотин тилига таржима қилинган бўлиб, Европада бир неча асрлар давомида тиббиёт муассасаларининг асосий дарсликларидан бўлиб келган.
XV асрда, буюк давлат арбоби, астроном ва математик Мирзо Улуғбекнинг ҳукмдорлиги даврида Самарқанд шаҳри астрономик тадқиқотлар бўйича дунёнинг энг йирик илм марказларидан бирига айланган. Мирзо Улуғбек доимо илм-фан ва санъатни қўллаб-қувватлаб келган ва бу борада бир қатор йирик тадқиқотларни амалга оширган. Улуғбек расадхонаси Самарқанд шаҳрида жойлашган бўлиб, астрономик жараёнларни кузатиш ва ўрганиш муассасаси ҳисобланган. Олим ўз кузатишлари натижасида йил давомийлигини атиги 25 секунд фарқ билан ўлчаган. Шунингдек, Улуғбек ер ўқининг оғиши 23,52 градусга тенг эканлигини ҳам аниқлаган бўлиб, ушбу ўлчов ҳозирги кунда энг аниқ ўлчовлардан ҳисобланади.