Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
“Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

“Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!”

Президент Ислом Каримов, шубҳасиз, мустақил Ўзбекистон давлатини бунёд эта олган етакчи сифатида мамлакат тарихига кирди. Унга қадар жаҳон харитасида Ўзбекистон аталмиш ўз сарҳадларига эга мустақил давлат йўқ эди.
Ўша мураккаб йилларда сиёсий беқарорлик, миллий ва диний зиддиятлар боис собиқ Иттифоқнинг кўплаб ҳудудларида қон тўкилди, минглаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди.
Совет Иттифоқи замонида Ўзбекистон асосан хомашё етказиб берувчи манбага айлантирилгани боис Иттифоқ парчаланиб кетгач, мамлакат оғир иқтисодий аҳволда эди.
Совет Иттифоқи республикалари орасида аҳолининг яшаш даражаси энг қуйи поғоналардан бирида бўлган Ўзбекистондаги вазият ҳам кескин ёмонлашиб, қалтис тус олган эди. Бугун англамоқдамизки, ўша кезлар мамлакатимиз иқтисодий ва сиёсий инқироз ёқасига келиб қолган эди.
“Пахта иши” деб аталган уйдирма эса миллатнинг қадр-қимматини поймол этди. Ўша кезларда мамлакатни инқирозли ҳолатдан олиб чиқиш борасида аниқ режа ва тайинли йўл йўқ эди, халқнинг иродаси эса синдирилганди. Боз устига, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бирламчи зарурий буюмлар тақчиллиги вазиятни янада мураккаблаштираётган эди. Қўшни Афғонистон ва Тожикистон кўп йиллик фуқаролар уруши алангаси ичида қолган эди. Халқ кучли ва доно етакчига кўз тикаётган эди. Ўша мураккаб паллада Ислом Каримовнинг Биринчи Президент бўлганини кўпчилик тақдирнинг инояти деб билиши ҳам ана шундан. Фавқулодда кам учрайдиган етакчилик фазилатлари эгаси, жасорат, қатъият, кучли ирода соҳиби бўлган, Ватани ҳамда халқига чексиз меҳр қўйган давлат арбоби пухта ўйланган ички ва ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, мамлакатни бошбошдоқлик хатаридан қутқарди, тинчлик-осойишталик ва халқ бирлигини сақлаб қолди. Ўта мураккаб паллаларда ҳам Ислом Каримов халқ танлаган мустақиллик йўлидан оғишга йўл қўймади. Ўзбекистон радикаллашувни рад этиб, дунёвий мустақил давлат бунёд этиш йўлида дадил одимлади. Катта йўлга чиққан ёш Ўзбекистон аввал-бошданоқ халқаро ҳамжамият тан олган замонавий кучли давлат қуриш йўлини танлади. Шу тариқа Ўзбекистон жаҳоннинг турли давлатларида илк бор ўз элчихоналарини очди, Ташқи ишлар ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирликлари ҳамда бошқа вакиллик идораларини шакллантирди. Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 133 мамлакати билан дипломатик алоқалар ўрнатди, БМТ, ЕХҲТ, ИҲТ каби 100 дан зиёд халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлди.
Биринчи Президент Ўзбекистон ҳудудидаги қадимий обидаларни ҳамда бой тарихий меросни тиклаш ва асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратди. Йиллар мобайнида номи унутилган улуғ аждодларимизга эҳтиром кўрсатилди, Самарқанд яқинида Имом ал-Бухорий меъморий мажмуаси бунёд этилди, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Хўжа Дониёр, Зангиота мақбаралари, яна кўплаб тарихий обидалар, жумладан, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди ва Шоҳи Зинда мажмуаси обод этилди.
Буюк аждодларимиз донишмандлиги ва маънавий меросига таяниб, миллий бирликни қайта тиклади. Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакат янги қиёфа касб этди, Ўзбекистоннинг ҳудудий марказларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, ҳар бир вилоятда олий ўқув юртлари фаолияти йўлга қўйилди.
1989 йили, Ўзбекистон ҳали Совет Иттифоқи таркибида бўлган пайтдаёқ Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисида қонун қабул қилинди. Қайд этиш жоизки, кўп йиллар давомида давлат муассасалари эътиборидан четда бўлган ўзбек тили мустақилликдан кейин янги тараққиёт даврига қадам қўйди.
Ислом Каримов ҳамиша мамлакат Президенти ва миллат отаси сифатида ўз тақдирини унга ишониб топширган халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйди. Мамлакат учун ҳаёт-мамот аҳамиятига молик масалаларни ҳал этар экан, қийинчиликларга тик боқди, танланган йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмади, мудом олдинга юрди. Оддий одамлар дардига дармон бўлмоқни ҳаётий маслаги деб билди, Ўзбекистоннинг келажак авлоди ҳақида ҳам ғамхўрлик қилди.
Ислом Каримов мустакил Ўзбекистон давлатини шакллантириш йўлидаги улкан хизматлари билан тарих саҳифаларидан ва халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олди.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистон халқи давлатчилик ва мустақилликни қўлга киритди, тарихий, маънавий-маданий меросини қайта тиклади. Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг мураккаб даврда мамлакат халқи мустақил ва якдил эканини исботлади, фуқаролар уруши, беқарорлик ва турли фожиаларнинг олди олинди.
Ислом Каримовнинг ёшларимиз қалбига муҳрланган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган сўзлари кун сайин ҳаёт ҳақиқатига айланиб бораверсин!