Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 30 йиллиги - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 30 йиллиги

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўз армиясига эга эмас эди. Мамлакат ҳудудида СССРнинг бир неча республикасини қамраб олган Туркистон ҳарбий округи қисмлари мавжуд эди. Ўша кезлар жанговар бўлинмалар бир республикада, қўшин таъминоти тизими ва омборлар эса бошқасида жойлаштирилар эди. Бошқача айтганда, бир республика ҳудудида яхлит ҳарбий тузилма мавжуд эмас эди.

Мамлакатимизнинг ён-атрофи, хусусан, Тожикистон ва Афғонистонда рўй бераётган хавотирли жараёнлар Ўзбекистон мудофаа қобилиятини таъминлаш масалаларини ҳал этиш борасида шошилинч чоралар кўришни талаб этар эди.

Шу боис, 1991 йил охирида бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонганидан кейиноқ Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг миллий Қуролли Кучларини ташкил этиш тўғрисида фармон қабул қилди.

Олий Кенгашнинг 1992 йил 14 январда ўтган сессиясида Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча қуруқликдаги қўшинлар қисмларини республика юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эртанги кун ҳақида қайғурадиган чинакам етакчи сифатида Президент Каримов 1992 йил 7 февраль куни Қуролли Кучлар тасарруфидаги барча мулкларни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш жараёнига жалб этилмаслиги тўғрисида фармон эълон қилди. Айни шу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қурол-аслаҳа, техника ва асбоб-ускуналарни олиб чиқиб кетиш ҳам тақиқланди.

Ушбу қатъий саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатимиз ҳарбий авиация самолётлари ҳамда вертолётлари, артиллерия, жумладан, ўт очиш тизимлари, бронетехника ҳамда танкларни сақлаб қола олди; уларнинг аксари ҳалигача юртимиз тинчлиги муҳофазасига хизмат қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ва Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилган кейинги ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз Қуролли Кучлари дунёда мудофаа салоҳияти борасида кучлилардан бирига айланди; нафақат Марказий Осиёнинг аҳолиси энг зич давлатида, балки бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашда муҳим роль ўйнади.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу шонли сана билан барча юртдошларимизни, хусусан, Ватан мудофаа йўлидаги жонбозлик кўрсатаётган инсонларни самимий қутлаймиз.