Каримов Фонди таълим грантининг соҳиби Жавгашев Ерлан
Жавгашев Ерлан – Каримов Фондининг стипендиати. У 2019 йилда Каримов Фонди таълим грантлар танловининг ғолиби бўлиб, Германиядаги Брауншвейг техник университетида «муҳандисликда ҳисоблаш фанлари» соҳасида магистратура босқичида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.
Ерлан мактабда ўқиб юрган вақтларда Германияда таълим олишни орзу қиларди. Мақсадга эришиш йўлини у чет тили, математика ва физикани ўрганишдан бошлади. Сўнгра, техник фанларга қизиқиб, 2012 йилда Турин политехника университетига кирди. Ўқишни тамомлагач, Ерлан ушбу университетда лаборант ва лойиҳа муҳандиси лавозимда меҳнат қилди.
«Мен орзу қилган мамлакатда ва ўзим истаган йўналишда таҳсил олаётганимдан жуда хурсандман. Ўқиш давомида сифатли таълим олиш учун яратилган имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Каримов Фондига орзуимни амалга оширишга ёрдам бергани учун миннатдорчилигмини билдираман!» – дейди Ерлан.
Сўнгги 3 йил мобайнида, 32 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизлар Каримов Фондининг таълим грантлари орқали Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Грант соҳибларимиз қайта тикланувчан энергия манбалари, кимё, сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш, шаҳарсозлик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура ва саноат дизайни, тасвирий санъат, ахборот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар сингари йўналишлар бўйича таълим оладилар.