Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
Каримов Фондининг ноширлик фаолияти - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

Каримов Фондининг ноширлик фаолияти

Ўзбекистоннинг миллий анъаналари, маданияти, адабиёти ва санъатига бағишланган китобларни нашр этиш Каримов Фонди фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.

Сўнгги уч йил мобайнида Фонд томонидан 11та ноширлик лойиҳаси амалга оширилди. Улар орасида кўп асрлик тарихга эга абрбанди усулидаги тўқувчилик мактабига бағишланган “Ўзбек ипагининг гулгун фасли” номли нашр алоҳида ўрин тутади. Тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва француз) чоп этилган китобни миллий ипакчилик хусусидаги мукаммал солнома деб аташ мумкин, унда тўқувчилик анъаналари пайдо бўлишидан замонавий ўзбек абрбанди дурдоналарига қадар – ўтмиш ва бугун ҳақида сўз боради.

ХХ аср тасвирий санъат устаси бўлмиш Чингиз Аҳмаровнинг ижодига бағишланган “Сўнмас ёғду” номли нашрнинг чоп этилиши чинаккам ноёб лойиҳа бўлди. Китоб муаллифи, санъатшунослик доктори Акбар Ҳакимов уникал архив фотосуратлар ёрдамида китобхонларга Чингиз Аҳмаровнинг ижод ва ҳаёт йўлини очиб берди. Рассомнинг санъат асарлари, архив материаллар, шунингдек, замондошлари ва ўқувчилари хотиралари китобдан ўрин олган. Нашрда устоз асарларидан кўплаб наъмуналар илк маротаба нашр этилди.

Ўзбек халқининг бетакрор матал, нақл ва иборалари жамланган, уларнинг пайдо бўлиши ва қўлланишига доир қизиқарли изоҳлар битилган “Қайроқи сўзлар” китоби Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини кенг тарғиб этиш йўлидаги навбатдаги ижодий лойиҳа бўлди. 

Атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романининг инглиз тилига таржимаси нашри Каримов Фондининг икки йил давомида бажарилган монументал лойиҳаси бўлди. Асар Каримов Фонди кўмагида таржима қилинди ҳамда Франциядаги номдор Nouveau Monde Editions нашриётида чоп этилди. Роман таржимаси британиялик адабиётшунос Кэрол Ермакова томонидан амалга оширилди. Ушбу нашр бадиий безак суратлари таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов томонидан ишланди. Шунингдек, ўзбекистонлик ёшларга мос равишда асарнинг совғабоп нашри лотин алифбосида ҳам нашр этди.

“Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон ассочиси” номли китоб-альбомда чет эл ва ўзбекистонлик давлат ва сиёсат арбоблари, фан, маданият ва санъат арбоблари, турфа ёшдаги турли касб вакиллари, шунингдек, йиллар давомида Биринчи Президент ёнида бўлган инсонларнинг хотиралари жамланган. Ислом Каримов билан боғлиқ қизиқарли воқеа ва ҳодисалар нашрдан ўрин олган. Шунингдек, Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятига оид илгари чоп этилмаган фотосуратлар ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Бухоро миниатюра мактаби ёрқин вакили Даврон Тошевнинг асарлари каталоги Каримов Фонди томонидан чоп этилди. Мусаввирнинг расмлари жамланган тўплам унинг ижод йўли ҳақида ҳикоя қилади ҳамда замонавий ўзбек миниатюра санъатига қўшган муносиб ҳиссасини кўрсатиб беради.

Каримов Фондининг кўргазма лойиҳалари доирасида чоп этилган каталог ва нашрлар Фонднинг ноширлик фаолиятида алоҳида ўрин тутади. “Авлодларни боғловчи ришта” лойиҳаси доирасида тайёрларган каталогда Марғилон ипакчилиги, жумладан, абрбанди тўқувчи-усталар сулоласи – Мирзааҳмедовларнинг ижодий фаолиятига доир маълумотлар жамланган. Турғунбой ва Расул Мирзааҳмедовлар шўро ҳукумати таъқибига қарамасдан ота-боболаридан қолган ҳунарни асраб-авайлаган ҳолда ўзбек абрбанди матолар ишлаб чиқаришни қайта тиклашга катта ҳисса қўшган.

“Йўқотилган жаннатни излаб…” деб номланган кўргазма доирасида нашр этилган “Читгарлик сирлари” номли каталог унутилиб бораётган ўзбек читгарлиги санъатига бағишланади.

Ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган “Сўзананинг туғилиши” альбом-каталогида анъанавий Тошкент каштадўзлик мактабининг мумтоз усулларини тиклаш ва асраб-авайлаш мавзулари ёритилган. Ушбу нашрда миллий кашта – сўзанани тикиш сирлари ҳамда бир неча йиллардан буён Тошкент каштадўзлик мактабининг бетакрор анъаналарини муваффақиятли тарзда тиклаб келаётган таниқли каштадўз Мадина Қосимбоева ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.

Рассом Бобур Исмоиловнинг асарларини ўз ичига олган “Нарративлар” номли альбом-каталог ижодкорнинг 2018 йил декабрь ойида Тошкент фотосуратлар уйида бўлиб ўтган ижодий кўргазмасига бағишланади.
Каримов Фондининг янги ноширлик лойиҳаларидан инглиз ва француз тилларида чоп этилган «Uzbekistan. An Experience of Cultural Treasures to Colour» китоб-колорамаси жой олган. Нашрда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, Самарқанду Бухоронинг муҳташам тарихий обидаларидан бошлаб, Ўзбекистон бадиий ва амалий санъати намуналаригача тақдим этилган.

Бугунги кунда Фонд томонидан “Олов тутган одам” номли бадиий романни нашр этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу бадиий асар Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилоятида раҳбарлик қилган йиллари ҳақида хикоя қилади. 

Шунингдек, Каримов Фонди илк ўзбек фотосуратчиси ва кинооператори Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб-альбомни нашрга тайёрламоқда.