Ислом Каримов Фонди

Каримов Фондининг стипендиати Бекзод Асадов

Каримов Фондининг стипендиати Бекзод Асадов Италиядаги Турин политехника универститетида ўқишни муваффақиятли тамомлаб, Ўзбекистонга қайтиб келди. Бекзод 2017 йилда Фондимиз грантини қўлга киритиб, Италияда «энергетика ва ядро-муҳандислиги» соҳасида икки-йиллик магистратура босқичида таълим олиш имконига эга бўлди.

Бекзод: «Ҳориждаги ўқиш фаолияти унутилмас таассуротлар, билим ва ғоялар олишга ёрдам берди. Университетдаги таълим дастури инженерликга хос ва муҳим бўлган ўзгача инновацион фикрлашни ўрганишга қаратилган. Ўқишим аъло даражада ўтишида Каримов Фондининг кўмаги беқиёс бўлди, магистратурага хужжат топширишдан бошлаб, то университетни тамомлаб қайтгунимча ўз ёрдамларини аяшмади. Фондга ўз минатдорчилигимни билдираман».
 
Яқинда Бекзод Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергетика соҳасида иш фаолиятини бошлаб, чет элда ўқиши давомида тўплаган билим ва амалий тажрибаларини фаол равишда кўлламоқда. Биз Бекзодга ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Каримов Фондининг таълим грантлари 2016 йилда Лола Каримова-Тилляева томонидан Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган. Сўнгги 4 йил мобайнида, Каримов Фонди томонидан 36 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконияти берилди.