Каримов Фондининг стипендиати Германиядаги таълимни тугатиб, Ўзбекистонга қайтди
Фарход Рихсиев – Каримов Фонди таълим грантининг соҳиби. Германиядаги Баухаус Веймар университетининг архитектура ва дизайн мутахассислиги бўйича магистратурани тамомлаб, Фарход Ўзбекистонда ўқитувчилик фаолиятини бошлади. Ҳозирда у Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Германиянинг Анхальт амалий фанлар университети ўртасидаги қўшма магистратура дастури доирасида “Архитектура ёдгорликлари” йўналиши бўйича дарс бермоқда. Барча дарслар инглиз тилида олиб борилади.
Каримов Фондининг таълим грантлари 2016 йилда Лола Тилляева томонидан Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган. Сўнгги 4 йил мобайнида, Каримов Фонди томонидан 36 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Франция, Италия, Швейцария, Буюк Британия, Норвегия, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконияти берилди.