Каримов Фондининг стипендиати, Орифхон Гаппорхонов
Орифхон Гаппорхонов – хорижда икки йил давомида таълим олиш имконини берувчи Каримов Фонди ўқув грантларининг соҳибларидан биридир. Ҳозирги кунда у Германиянинг Эрнст Аббе номидаги Йена амалий фанлар университетида «илмий ўлчов асбоблари» йўналиши бўйича магистратура дастурида таҳсил олмоқда.
Орифхон Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида туғилиб ўсган. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетини (ТДТУ) битиргач, у икки йил давомида Биринчи резинотехника заводида инженер сифатида фаолият олиб борди.
Орифхон: “Мен ТДТУда ўқиб юрган вақтларимданоқ энг катта орзуларимдан бири – магистратурани чет элда, айниқса Европа давлатларида ўқиш бўлган. Менга шундай имконият берилганлиги учун, имтиҳонларни шаффоф тарзида ташкиллаштирганлари, ва энг асосийси – Европада магистратурани ўқишимга юз фойизли грант ажратганлиги учун Каримов Фондининг тасисчилари ва барча ҳодимларидан ниҳоятда миннатдорман. Нафақат грант, балки IELTS имтихонига маблағлар ажратилганлиги ва хар биримизга алоҳида ёндашувни қўллаб университетларга хужжат топшириш жараёнида ёрдам берилганлиги учун ҳам алоҳида раҳмат айтаман”.
Сўнгги 4 йил мобайнида, Каримов Фонди томонидан 36 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизларга Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида магистратура дастури бўйича икки йил давомида таҳсил олиш имконияти берилди.